Карантинга олинган ҳудудларда назорат кучайтирилди
Жамият
−
23 Март 2020
11190Ўзбекитонда коронавирус сабаб карантинга олинган фуқаролар сақланаётган жойларда назорат кучайтирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда чет мамлакатларда бўлиб турган ўзбекистонликларни махсус чартер рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келиниб, 14 кунлик карантинда сақланмоқда. Карантинга олинган объектларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса, тиббий назоратдагиларнинг ўзбошимчалик билан белгиланган ҳудудни тарк этишининг олдини олиш мақсадида назорат чоралари кучайтирилмоқда.
“Фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун карантинга олинган объектларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари куну тун ўз хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Хавфсизликнинг бу тарзда кучайтирилиши, шубҳасиз, ҳамюртларимиз саломатлиги ва мамлакатимизнинг ушбу касалликдан талафотсиз ва тезроқ халос бўлишига замин яратади”, дейилади хабарда.
Карантин чора-тадбирлари белгиланган жойларда хизмат ўтаётган ҳарбийлар хизматчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолига тегишли тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида Республика Ҳарбий прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари мазкур объектларда бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 45 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor