“Аппаратимга тегина кўрманг!” Шимолий Корея АҚШни огоҳлантирди
Олам
−
02 Декабрь 2023
21028Шимолий Корея АҚШ томонидан Ер орбитасидаги биринчи жосуслик сунъий йўлдошини зарарсизлантиришга уриниш бўлса, буни уруш эълон қилиниши деб тушунади ва дарҳол ракеталар билан жавоб қайтаради. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги томонидан чоп этилган КХДР Мудофаа вазирлиги расмий вакили баёнотида маълум қилинди.
Вазирлик мулозимининг айтишича, яқинда АҚШ Космик кучлари қўмондонлиги Шимолий Корея сунъий йўлдошига ҳарбий зарба бериш эҳтимоли ҳақида ишора қилиб, "душман давлатлар" томонидан космосдан "потенциал фойдаланишни камайтириш" учун таъсир қилмоқчилиги"ни маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, америкалик экспертлар Қўшма Штатлар нафақат сунъий йўлдош ёки станцияни жисмонан йўқ қилиши, балки киберҳужумлардан ҳам фойдаланиши мумкинлигини билдирган.
"АҚШ космик кучларининг КХДР сунъий йўлдошига нисбатан душманона ва хавфли позициясини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу бизнинг суверенитетимизга очиқ-ойдин таҳдид, аниқроғи, республикамизга уруш эълон қилишдир. Агар Қўшма Штатлар замонавий технологиялардан қурол сифатида фойдаланса ва суверен давлат ҳуқуқларига тажовуз қилса, биз халқаро ва миллий меъёрларга мувофиқ, қонуний ҳуқуқларимиздан фойдаланамиз”, дейди КХДР Мудофаа вазирлиги ходими.
Расмий Пхеньяннинг тушунтиришича, халқаро ҳуқуқ доирасида, коинотга учирилган объектлар давлат юрисдикциясига бўйсунади. Шу маънода вазирлик “Муллигёнг-1” разведка сунъий йўлдошининг КХДРга тегишлилигини эслатиб ўтган. Бундан ташқари, расмий вакил разведка йўлдошлари қурол ҳисобланмаслигини қўшимча қилган.
“Агар АҚШ бизнинг разведка йўлдошимизни йўқ қилиниши керак бўлган “ҳарбий таҳдид” ҳисобласа, Корея яримороли осмонида доимий равишда айланиб юрадиган ва бизнинг асосий стратегик бойликларимизни кузатадиган кўп сонли АҚШ сунъий йўлдошлари ҳарбийларимиз томонидан йўқ қилиниши керак”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Шимолий Корея ўзининг разведка йўлдошини учирганди. Бунга жавобан 22 ноябрь куни Корея Республикаси кескинликни камайтириш бўйича Кореялараро келишувнинг амал қилишини қисман тўхтатганини эълон қилди. Ушбу чора учиш тақиқланган зоналар ҳақидаги қоидаларга тегишли эди. 23 ноябрь куни КХДР Мудофаа вазирлиги энди бутун келишувга риоя қилмаслигини ва ҳужжатда тақиқланган чораларни қўллашни қайта бошлашини маълум қилди.
Кейинчалик Ким Чен Ин разведка сунъий йўлдоши томонидан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Американинг “USS Carl Vinson” ядровий авиаташувчи кемаси ва Гавайидаги ҳарбий базалар акс этган суратларни ўрганганди. Бундан ташқари, у “Муллигёнг-1” разведка сунъий йўлдоши томонидан олинган Оқ уй ва Пентагон суратларини кўздан кечирди
LiveБарчаси