АПЛ: етакчи ўзгарди, “Ливерпуль” таъқибчига айланди
Спорт
−
13 Январь 2021
5305Англия Премьер-лигасининг 17-туридан ўрин олган баҳсда “Манчестер Юнайтед” “Бёрнли” устидан 1:0 ҳисобида устун келди. Бунинг натижасида “манкунианликлар” 36 очко тўплаб, жадвалда 33 очко билан етакчилик қилиб келган “Ливерпуль”дан ўзиб кетди.
“Манчестер Юнайтед” жамоаси аъзолари ўйиндан сўнг, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Жумладан “Бёрнли”га қарши курашда ғалаба голини урган Поль Погба шундай дейди:
“Бугунги ўйин жуда оғир, қийин бўлди ва биз ғалаба қозонишни истаганимиз аниқ. Англия Премьер-лигасида ўйнаш осон эмас. Уч очкони олдик ва бундан жуда хурсандмиз. Аммо, олдинда узоқ йўл турибди ва биз бор эътиборни мавсумни муваффақиятли якунлашга қаратамиз.”
Шунингдек, клуб бош мураббийи Сульшерга кўра, жамоа кўрсатган сокинлик ва босиқлик баҳсда ҳал қилувчи роль ўйнаган.
“Бёрнли”га қарши баҳсда “қизил иблислар”нинг асосий таркибида майдонга тушган жамоа яримҳимоячиси Матич “ғалаба кутилган натижа эканини” айтиб ўтган.
“Айнан биз кутган нарса содир бўлди. Жуда яхши ишладик ва очко тўпладик. Жадвалнинг чўққисида турибмиз ва бундан бахтлимиз.
Биз қайси ўринда бўлишимиз керак бўлган бўлса, ўша ердамиз. “Бёрнли” – яхши жамоа, бу чемпионатда ғалаба қозониш осон эмас. Ўйиндан ўйинга илдамлаётганимизни биламиз. “Бёрнли”га қарши ўйин финал билан тенг эди. Олдинда турган “Ливерпуль”га қарши баҳсга ҳам шундай муносабатдамиз”, дейди Матич.
Маълумот ўрнида, “Ливерпуль” Англия Премьер-лигасининг 17-туридан ўрин олган “Саутгемптон”га қарши баҳсни 1:0 ҳисобида бой берган эди. “Манкунианликлар” эса бундан унумли фойдаланиб қолди.
Пандемия кучайиб, чемпионат доирасидаги ўйинларнинг ўз вақтида боришига таъсир қилмаса, футбол муҳлислари “қизиллар” ўртасидаги муросасиз рақобатнинг гувоҳи бўлиши аниқ.
Эслатиб ўтамиз, “Ливерпуль” Премьер-лиганинг кейинги турида, айнан “Манчестер Юнайтед”га қарши майдонга тушади. Балки, “мерсисайдликлар” АПЛ етакчилигини қайтариб олар, балки, “манкунианликлар” энг яқин таъқибчисидан янада узоқлашиб кетар. Кўрамиз.
LiveБарчаси