АПЛ чемпионлиги учун 3 та кубокни қурбон қилган “Ливерпуль”

Спорт

image

Арне Слот бошчилишидаги “Ливерпуль” жорий мавсумда ажойиб старт намойиш этди. Деярли барча турнирларда асосий даъвогарлардан бирига айланди. Клуб вингери Муҳаммад Салоҳ эса гол+ассист бўйича бир қанча рекордларни янгилади. Аммо жамоа 2025 йилнинг бошини ўта ёмон ўтказди. Бирин-кетин муҳим турнирлардан чиқиб кета бошлади.

Муҳимлик даражаси ўта паст Англия кубоги

“Мерсисайдликлар” Англия кубоги учун курашга 4-раунддан киришди. Ушбу босқичда клуб Чемпионшип вакили “Плимут”га қарши майдонга тушди. “Плимут” 3-раундда яна бир Англия Премьер-лигаси вакили “Брентфорд”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадан чиқариб юборган эди. Ушбу босқичда табиийки фаворит “Ливерпуль” эди, аммо Слот мазкур баҳс учун иккинчи таркибни майдонга ташлади. Бу эса рақибни менсимасликнинг яққол кўриниши ҳисобланади. Шунингдек, Слот исботлаб қўйдики, Англия кубоги “Ливерпуль” учун муҳим эмас. Оқибатда эса ўйин 1:0 ҳисобида “Плимут” фойдасига ҳал бўлди.

ПСЖ “Ливерпуль”ни Европа Чемпионлар лигасидан чиқариб юборди

“Ливерпуль” жорий мавсум Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида фантастик натижалар қайд этди. Клуб 8 та ўйиндан 7 тасида ғалаба қозонди. Охирги турда жамоа ПСВга мағлуб бўлди, аммо ушбу баҳс натижаси муҳим эмасди. Сабаби “мерсисайдликлар” турнир жадвалида яккапешқадамга айланиб улгурган эди. “Ливерпуль” тўғридан тўғри 1/8 финалга йўл олди. Ушбу босқичда жамоа ПСЖга рўбаро келди. Парижда кечган дастлабки ўйинда “Ливерпуль” ўйин давомида амалга оширган илк ҳужумида гол урди ва сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб келди. Гол муаллифи Харви Эллиот бўлди. Мазкур ўйинда ПСЖ рақибидан ҳар жиҳатдан устун келди, керак бўлса, “Ливерпуль”ни учрашув давомида “қамаб” ташлади. Аммо натижа салбий кўриниш олди. Арне Слот ёмон ўйин билан ғалаба қозонди. 
“Энфильд”даги жавоб ўйинида ПСЖ дастлабки дақиқалардан фаол бўлди. 12-дақиқада парижликлар етакчиси Усмон Дембеле ҳисобни очди. Ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди ва унда “Ливерпуль” 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа “мерсисайдликлар” ўз уйида Чемпионлар лигасидан чиқиб кетишдек аламли мағлубиятни қабул қилиб олди.

Англия Лига кубоги ҳам бой берилди

17 мартга ўтар кечаси Англия Лига кубоги финалида “Ливерпуль” ва “Ньюкасл” жамоалари кураш олиб борди. Англия кубоги ва Чемпионлар лигаси кубоги учун курашдан чиққан “Ливерпуль” яна бир совринни қўлдан бой берди. Жамоа Англия Лига кубоги финалида “Ньюкасл”дан кутилмаган мағлубият қабул қилиб олди. Ўйинда дастлаб, Бёрн ва Исак гол уриб, “Ньюкасл”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Кўпчилик мухлис-у мутахассислар “мерсисайдликлар”дан камбек кутди. Аммо асосий вақтга қўшиб берилган дақиқанинг тўртинчисида Федерико Кьеза бир мартагина жавоб бера олди. Якуний ҳисоб 2:1 ва “Ньюкасл” 70 йилдан кейин илк бор мазкур турнирда зафар қучди. Аниқроғи “Ньюкасл” охирги бор 1955 йилда ушбу мусобақада ғолиб бўлган.

Арне Слот олдида ягона йирик ғалаба бу катта эҳтимол билан эришиб бўлган АПЛ чемпионлиги. Айни дамга келиб, “Ливерпуль” турнир жадвалида 70 очко жамғарган ҳолда яккапешкадам бўлиб турибди. Энг яқин таъқибчи бу Лондоннинг “Арсенал” клуби, “канонирлар” “мерсисайдликлар”дан 18 очко орқада. Мавсум якунига 9 тур қолди ва бу фарқни йўққа чиқариш имконсиз. Лекин борди-ю “Арсенал” охир-оқибатда АПЛ чемпионлигини қўлга киритса, мухлислар учун фантастик, “Ливерпуль” клуби ва жамоа устози Арне Слот учун ўта муваффақиятсиз мавсум бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АПЛ Европа Чемпионлар лигаси Ливерпуль Англия Лига кубоги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг