АОКАга очиқ хат: ё йўл очинг, ё...
Таҳлил
−
26 Ноябрь 2020
34304Неча йиллар давомида халқаро ҳамжамият томонидан “Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ”, деган тушунча мамлакат имижига тамға бўлиб келди. Аслида, ҳам ана шундай ҳолат йўқ эмас, бор эди. Оммавий ахборот воситалари устидан ўрнатилган кучли назорат, ҳали ҳам советча иш юргазиш тизими ва бюрократик тўсиқлар сўз эркинлигини ҳақиқатан ҳам тизгинлаб турар эди.
Бу ҳолат Ўзбекистонга нима бердию нимани олиб кетди?
Аввало, мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари мазмунсиз, фақатгина шон-шараф ва мақтовларга бой материаллар билан тўлди. Бундан ташқари, эркин, том маънода журналист сифатида ижод қила олмайдиган, яъни касб профессионализмидан йироқ кадрлар етишиб чиқа бошлади. Журналистик суриштирувлар, таҳлилий-танқидий материаллар деярли йўқола борди. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистон матбуоти деганда киши онгида икки хил манзара пайдо бўладиган даражага келдик: шоу-бизнес вакилларининг нима кийганию нима еб-ичаётганини ёзадиган матбуот ёки реал ҳаётдан йироқ, фақат мақтов ва қарсакдан иборат сўзлар битилган “жаннатдан хабарлар” туркумидаги чиқишлар.
Иккинчидан, сўз эркинлигини демократиянинг асосий тамойили сифатида қабул қилувчи халқаро ҳамжамият “демократик-ҳуқуқий жамият қуриш” сари қадам ташлаётган Ўзбекистондан юз ўгирди. Ўшанда болалар пахтага чиқмасмиди?. Чиқарди! Ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб этилмасмиди? Этиларди! Ҳуқуқ-тартибот органларида зўравонлик, тазйиқ ва қийноқ йўқмиди? Бор эди, шунақанги бор эди-ки. Таълим ва тиббиёт коррупция ботқоғига ботиб, бу ҳақида гапиролмайдиган даражага келиб қолмаганмидик? Аллақачон етиб келгандик. Лекин, сувадик, “жаннатдан хабарлар”ни кўпайтиришга зўр бердик. Буни бажаришга виждони йўл қўймаган ва имкон топганлар чет элга “сурди”. Эмин-эркин ижод завқини туйди. Биз эса уларга душмандек қараш бўйича янги “дарс”лар олдик, программалаштирилдик.
Қолаверса, йиллар давомида шу ирмоқнинг сувини ичганлар – ОТМ ўқитувчилари кейинги авлод онгини ҳам худди шундай “улуғвор ғоялар” билан “суғорди”. Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетида бирорта ҳам хорижий ўқитувчи дарс бермади, халқаро журналист мақомини олиш учун ушбу ОТМга кирганларга мамлакат чегарасини босиб ўтиш норасмий тақиқлаб қўйилди. Четга чиқиб келса, ортидан тушилди, сўроққа тутилди. Оқибатда мана шу йиллар давомида етишган кадрларнинг айримлари сўз эркинлиги ва халқ манфаатини ҳимоя қилиш ўрнига, яна қоғозбозлик ва бюрократик ишлаш тизимига ўтди.
Эпкин шамоллар...
Ростини айтганда, сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари жонланди. Чунки ҳаёт ва шароитнинг ўзи шунга етаклаб келаётган эди. Илгари гапириш мумкин бўлмаган гаплар ёки минг бир элакдан ўтказиладиган мақолалар дунё юзини кўра бошлади. Бунга қайсидир маънода интернет журналистикаси катта хизмат қилди.
2016-2017 йиллардан Ўзбекистонда интернет журналистикаси катта тезлик билан ривожлана бошлади. Бир вақтлар хорижий материаллар билан сайт саҳифаларини тўлдирган интернет-нашрлар маҳаллий хабарлар оқимида сузишни ўрганди. Хабар ва янгилик, танқид ва таҳлил, репортаж, очерк... Жанрлар хилма-хиллиги кўзга ташланди. Сўнгги хорижий ва маҳаллий янгиликлар билан бир қаторда жойлардаги муаммоларни ўз ўрнида кўрсатиб бериш, давлат идораларининг ишини танқидий-таҳлилий ёритиш, аҳоли мурожаатлари асосида журналистик суриштирув ўтказиш каби журналистиканинг энг асосий функциялари ишлай бошлади.
Мамлакатда интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда блогерларнинг шахсий саҳифалари кўпайди. UZ домени ривожланди. Эркин ва холис фикрлайдиган ёшлар сони ортди. Жамиятда ахборотга нисбатан иммунитет шаклланди, унинг тезкор ва холис ахборотга эҳтиёжи қондирила бошланди.
Аммо Ўзбекистонга сўз эркинлиги қайтдими?
Мана шу йилларда мамлакатда кетаётган сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий жараёнларга уйғун равишда оммавий ахборот воситалари ходимларини ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тугатилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ташкил этилди.
Бошида сўз эркинлиги ва журналистлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган АОКА сўнгги пайтда яна эскича тизимда ишлашни бошлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бунга пандемия даврида чет элда қолиб кетаётган мигрантлар, газ ва электр энергияси, коронавирус билан боғлиқ аниқ статистиканинг яширилиши каби муаммоларни кўтарган Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz, Daryo.uz, Qalampir.uz сингари бир қатор электрон нашрларга агентлик томонидан йўлланган огоҳлантириш хатларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Бу билан агентлик ўз Низомида келтирган функция ва вазифаларига зид ҳаракат қилмаяптими? Яна ўша қоғозбозлик ва қўрқитиш сиёсатини қўлламаяптими? ОАВга юборилаётган огоҳлантириш хатларида ишлатилган “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” қандай таҳдидни, нимани англатади? Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги борасида олиб бораётган сиёсатига зид эмасми? Албатта, саволлар жуда кўп.
Бу ишлар нимага олиб боради?
Сўнгги маълумотларга кўра, “Матбуот эркинлиги индекси”да Ўзбекистон 180 мамлакат ичидан 156-ўринда қайд этилган ва бу “ёмон”, дея таърифланган. ОАВга расмий ва норасмий бўлаётган босимлар, қўнғироқлар, олиб ташлаш “тавсия этилади” қабилидаги зўравонликлар мамлакатнинг матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, халқаро молиявий ташкилотлар талабларини бажариш юзасидан олиб бораётган кенг масштабдаги ишларига соя солиши аниқ.
Иккинчидан, ОАВ яна қўғирчоққа айланиб қолади ва журналистнинг жамият олдидаги обрўйи тўкилади. Ўз қадр-қимматини, қаламининг қийматини билганлар чет элга кетади. Бу билан мамлакат ўз майдонида ахборот урушидаги энг яхши суворийларини ўз қўли билан нариги тарафга тутқазади. Ё бундай бўлмаганмиди?
Учинчидан, жамиятда ўсиш, ривожланиш тўхтайди. Коррупция, давлат мулкини талон-торож қилиш янада авж олади. Чунки матбуот жим, журналист жим, “шовқин соладиган” ҳеч ким йўқ. Мабодо кимдир муаммолар ҳақида гапирса, ана Агентлик бор, оқибати ёмон бўлиши мумкин. Натижада, Президентнинг машаққат билан олиб бораётган ислоҳотларига одамлар ишонмай қўяди. Хуллас, ўзбек журналистикаси яна эски чориғи билан қолиб кетади.
Гап матбуот ва сўз эркинлиги ҳақида бораркан, бир нарсани айтиш жоиз. Ўтган йиллар давомида туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо турларини тайинлашни бекор қилиш бўйича ҳеч иш қилолмадик. Шундай вазиятда бизга сўз ва матбуот эркинлиги деб айюҳаннос солиш ярашадими? Айни вазиятда бизга таъқиб ва тақиқни, огоҳлантириш беришни ким қўйибди?
Биз 30 йиллик эскича қонунлар билан ишлаётган эканмиз, журналистлардан яна қандай сўз эркинлигини талаб қилишимиз мумкин? Ўртага бир саволни кўндаланг қўйиш керак: “Журналистлар учун биз нима бера олдигу, нимани талаб қилишимиз мумкин?”.
Чунки бугун мамлакатда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг жуда кўпчилигини хусусий сайтлар, газеталар, телеканаллар ташкил этади. Хўп, агар уларга бизнес субъектлари сифатида қаралаётган экан, нега унда хусусий ОАВга бошқа тадбиркорлик йўналишлари сингари турли субсидиялар ажратилмаяпти, нега карантин вақтида уларга моддий манфаат етказадиган ишлар қилинмади? Нега улар солиқлардан озод этилмади?
Агар тадбиркорлик субъекти эмас, идеология воситаси бўлса, унда нега ўз ишини билиб-билиб қилаётган, четдан бўлаётган ахборот хуружига ўз вақтида тез ва холис жавоб қайтараётган, жамиятдаги ахборот эҳтиёжини қондираётган ОАВ фаолияти бюрократик кўринишда тўсиқларга учраяпти? Хўп, улар хато қилди ҳам дейлик? Лекин қани ўша хато? Унинг хатолигини нима асослайди? Хатлар мазмунидан келиб чиқсак, барча ОАВ олдига қўйилаётган масала бир хил: “...олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиши мумкин”.
Кечирасиз, давлат ташкилотлари ўзи амалга ошираётган ишлар бўйича етарлича хабар беролмаса, сиз айтган ислоҳотларини етказа олмаса, бунга ҳам ОАВ айбдорми? Балки, ёнғоқ пучдир?!
Ҳақиқатни айтаман деганга майдон керакмас
АОКАдан оммавий ахборот воситаларига йўлланаётган мактублар энг катта эҳтимол билан нимага олиб бориши мумкин? Огоҳлантириш тақдиномага айланади. Тақдимномага кўра, АОКА ОАВнинг лицензиясини тугатиш бўйича ҳужжатларни судга юборади. Буёғи судьянинг инсофига! Агар суд ОАВни қонун талабларини бузган, деб топса, ОАВ лицензиясидан маҳрум этилади, UZ доменидан чиқариб юборилади. Кейин-чи? Деярли ҳеч нарса. Интернет – чексизлик! Аксинча, аламзадалар сафи яна биттага кўпаяди. Салом, дунё! Хуш кўрдик, COM ёки ORG доменлари. Ана сизга чексиз танқид ва таҳлил. Ўйинда ютқазган яна Ўзбекистон бўлади. Яна майдон хориж оммавий ахборот воситасига бўшатиб берилади.
Шу ўринда бир гапни айтайлик: охирги вақтлардаги босимлар, танқид ва таҳлилга бўлган аллергия жамоатчиликда халқаро ОАВга қизиқишни янада орттирди. Ишонмайсиз, аммо бу факт. Ўтган бир йилда “Озодлик” ўзбек хизматининг Instagram’даги кузатувчилари сони 700 мингга ошиб, 1,2 миллионни ташкил этмоқда. Бугунгача Instagram’да ўзбек медиаси бўйича юқори ўринларни, “Озодлик”дан катта фарқ билан Kun.uz ва Qalampir.uz эгаллаб келаётган эди. Бу қаторга бошқа ўзбек сайтлари қўшилиши ўрнига “Озодлик”нинг ошиғи олчи бўлиб боряпти. Мана, сизга натижа. Аммо сиз мағрурсиз, жуда мағрурсиз!
Бу нимани англатади?
Агар Ўзбекистонда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари иши тўғри ташкил қилинмаса, уларга ҳам моддий, ҳам амалий ва техник ёрдам берилмаса, бунинг ўрнига улар ишига тўсқинлик қилинса, норасмий назорат ва цензура кучайса, энди оёққа тураётган ўзбек журналистикасининг оёғига яна кишан солинган бўлади. Бу эса яна йиллаб тараққиётдан ортда қолиб кетишимизга, ривожланишга сарфлайдиган вақтимизни оёғимизга осилган занжирларни узишга кетказишимизга, дунё ҳамжамияти олдида тағин уятга қолишимизга сабаб бўлади. Чунки сўз эркинлиги бор жойда тараққиёт, маънавият ва юксалиш бўлади. Зеро Шавкат Мирзиёев мақсад қилган Янги Ўзбекистон ренессанси ҳам ана шу тамойилларга асосланган.
Ё йўл очинг, ё...