Нарин Гуран ўлимига оид суд ОАВ учун очиқ бўлади
Олам
−
07 Ноябрь
9377Жорий йилнинг 21 август куни ғойиб бўлган Нарин Гуран қотиллиги бўйича биринчи суд мажлиси бугун, 7 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Радио ва телевидение олий кенгаши (RTUK) раиси Абубакир Шаҳин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, қотиллик иши бўйича ОАВ дастлабки тергов босқичида тергов сирини бузиб, инсон қадр-қимматини камситувчи миш-мишларни тарқатган.
“Ушбу қурбон бизнинг бегуноҳ гўдагимиз. Бутун турк халқи айбдорларнинг муносиб жазо олишидан умид қилмоқда”, дейди Шаҳин.
Унинг таъкидлашича, суд мажлисида ОАВ иштироки тақиқланмаган. Аммо ОАВдан гувоҳларга салбий таъсир кўрсатиш ва суд жараёнини бузиш мумкин бўлган ҳолатларни ошкоралик асосида ёритиб бериш сўралган.
Маълумот учун, Туркиянинг Диёрбакир вилояти Тавшантепа қишлоғида яшовчи Нарин Гураннинг қоп ичидаги жонсиз жасади ғойиб бўлганидан 19 кун ўтиб, қишлоқдан 3 км узоқликдаги Ифтутмаз кўчасида топилганди. Нарин Гуран ўлимининг сабаби жорий йилнинг сентябрь ойида Диёрбакир суд-тиббиёт институтида амалга оширилган дастлабки экспертизада аниқланмаган. Танадан олинган намуналар Истанбул суд-тиббиёт институтига юборилган. Октябрь ойига келиб, маҳаллий ОАВлар томонидан қиз “оғиз-бурун ёпилиши ва бўйинни сиқиш оқибатида кислород етишмаслиги туфайли” вафот этгани очиқланганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 октябрь куни ҳам Туркиянинг Истанбул вилояти Шишли туманида ғойиб бўлган 6 ёшли қизнинг жасади орадан 2 кун ўтиб Ферикўй қабристонидан топилганди.
Моҳинур Каримова