ОКМКда инвестиция лойиҳалари қандай амалга оширилаётгани айтилди
Бизнес
−
13:00
79511 декабрь куни ОКМКда инвестиция лойиҳаларининг ижроси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида ОКМК масъуллари, мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
ОАВ вакиллари эътиборига ОКМКда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ижроси бўйича маълумот берилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати – мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда етакчи саналиб, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик корхона сафига киради.
Ҳозирги пайтда 2030 йилгача комбинатни ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, амалга оширилмоқда. Унинг доирасида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ва 3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, янги металлургия мажмуасини лойиҳалаштириш ва қуриш ишлари бошланмоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан биридир. Унинг амалга оширилиши натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати бир неча баробарга оширилиши кўзда тутилган. Бу ўз навбатида республика ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўсишига ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон раҳбарининг тоғ-кон саноатига бўлган эътибори туфайли комбинат модернизацияси амалга оширилмоқда. Бунинг далили сифатида рақамларга мурожаат қиламиз. 2012-2016 йилларда комбинат барқарорлиги учун 123 млн доллар сарфланган. 2017-2024 йилларда ушбу маблағ 35 бараварга ошиб, 4,5 млрд долларга етди. Бу эса ўз навбатида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,8 бараварга, маҳаллийлаштириш даражасини эса 7,7 бараварга оширишга замин яратди.
2030 йилга бориб ОКМКда ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан мисни 500 минг тоннага, олтинни 50 тоннага, кумуш ишлаб чиқаришни 270 тоннагача ошириш мақсад қилинган. Бугунги кунга қадар 4 млрд доллардан ортиқ инвестициялар ўзлаштирилди.
Ушбу йирик инвестициявий лойиҳани якунига етказиш натижасида эса ОКМКдаги маъдан кони катталиги бўйича дунёда энг йирик кон мақомига эга бўлади.
Ушбу йўналишда 2025 йилда 60 млн тонна қувватга тенг 3-Мис бойитиш фабрикаси, 180 минг тонна қувватга тенг 6-сон сульфат кислотаси цехи ва Мис бойитиш фабрикасида тўлиқ автоматлаштирилган янги насос-гидроциклон ускуналари фойдаланишга топширилади. Ҳозирда 4-Мис бойитиш фабрикаси ва янги металлургия мажмуаси қурилиши доирасида ускуналар етказиб бериш бошланади.
Бундан ташқари, ОКМК муқобил электр манбаларига ўтиш мақсадида, Наманган вилоятидаги 500 МВт қуёш фотоэлектр станциясидан 2026 йилдан электр энергиясини харид қилишга келишилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қуриладиган 150 МВт ФЭС ҳам комбинатга электр энергиясини 2027 йилдан бошлаб етказиб беришни бошлайди.
Йилдан йилга ривожланган мамлакатларнинг йирик ишбилармонлари ОКМКга қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, сўнгги бир йил ичида комбинат раҳбарияти ва мутахассислари Япония, Корея, Германия, Финляндия, Буюк Британия, Хитой, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг юзлаб инвесторлари билан мулоқот олиб бориб, янги инвестицион ва инновацион лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда.
Мисол учун ОКМК республикада биринчилардан бўлиб давлат кафолатисиз тўғридан тўғри хорижий кредитларни жалб қилишни бошлаган бўлиб, 2024 йилда уларни ўзлаштириш кўрсаткичи 1,8 млрд долларга етади. Бу эса, ўз навбатида, чет эл банкларининг комбинатнинг молиявий ҳолатига ишончи юқори эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, матбуот анжуманида 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди. Ушбу фабриканинг қурилишига жорий йилнинг 15 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи давомида старт берилган эди.
4-сонли МБФнинг ишга туширилиши натижасида мис ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошади. Бу эса мисдан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини яратади. Фабрика ва унинг инфратузилмалари фойдаланишга топширилганидан сўнг, 3 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Фабрикада йилига 60 млн тонна маъдан қайта ишланиб, 800 минг тоннадан ортиқ мис концентрати ишлаб чиқарилади. Ҳозирда мутахассислар томонидан лойиҳаолди ишлари амалга оширилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати ушбу фабрика ишлаб чиқариш жараёнида юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланишини белгиланган бўлиб, фабрикада замонавий технологиялар жорий этилади.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси