АҚШ Марказий Осиёга киритган инвестициянинг 99 фоизи бир давлатга йўналтирилган
Олам
−
25 Октябрь
22923АҚШ Марказий Осиёга сўнгги 24 йиллик даврда 44 дан 51 миллиард долларгача инвестиция киритган. Бу ҳақда кеча, 24 октябрь куни Бишкек инвестиция форуми доирасида ўтказилган “Марказий Осиёнинг инвестицион салоҳияти” ялпи мажлисида Бизнесни ривожлантириш ва инвестициялар бўйича кенгаш котибиятининг рақамли ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Бакит Омурзоқов маълум қилди.
У форум доирасида минтақага АҚШ томонидан киритилган инвестициялар таҳлил қилинган дастлабки тадқиқотни тақдим этди.
“Мен сизнинг эътиборингизни 2000 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда киритилган умумий инвестициялар ҳажмига қаратмоқчиман – 44 дан 51 миллиард долларгача. Бу рақамлар турли тадқиқотларга қараб ўзгариб, 44, 46 ёки 51 миллиард долларни ташкил этади. Марказий Осиёга 97 та компания инвестиция киритган ва улар 155 хил турдаги лойиҳаларни амалга оширган”, деди Омурзоқов.
Унинг сўзларига кўра, ушбу инвестицияларнинг 99 фоизи Қозоғистонга йўналтирилган.
“Бу нефть, газ ва тоғ-конь саноати билан боғлиқ бўлиб, йирик компаниялар катта маблағларни жалб қилган”, деди у.
Омурзоқов, шунингдек, Марказий Осиёга асосий инвестициялар Калифорния ва Нью-Йорк штатлари компанияларидан келганини таъкидлаган. Бу кўрсаткични таҳлил қилиш учун Марказий Осиёнинг 100 га яқин компанияси ўртасида сўров ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси Олмаотага ишчи ташрифи чоғида Қўшма Штатлар Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича ҳалол тендер ўтказилишига умид қилаётгани ва унда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилган эди.
LiveБарчаси