Сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга барҳам бериш лозим
Жамият
−
26 Сентябрь
2151Ўзбекистонда охирги етти йил мобайнида сўз эркинлиги принципига риоя қилиш, холислик, ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни барча учун амалда баробар таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари сони анча ошган. Агар, 2016 йилда 1 514 та оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтган бўлса, 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 2 140 тага етди. Мисол учун, журнал ва интернет нашрлар сони икки бараварга ошди.
Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон сўнгги 7 йил ичида Жаҳон матбуот эркинлиги индексида 29 поғонага кўтарилди.
Айни пайтда Ўзбекистон миллий медиа соҳаси жадал равишда рақамли ва технологик ривожланишни бошдан кечирмоқда. Кўплаб нодавлат оммавий ахборот воситаларига асос солинмоқда, медиа бозорини такомиллаштириш ва ривожлантириш жараёнлари давом этмоқда. Муҳими, бунда хусусий медиа сектори, мустақил электрон ОАВ, блогосфера ўзининг муқим ўрнига эга бўлмоқда.
Сўз эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, бир қатор халқаро ҳужжатлар ва мамлакат қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимояси тўғрисидаги Европа Конвенцияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оммавий ахборот воситалари эркинлиги белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, сўз эркинлиги ҳуқуқи мураккаб жараён бўлиб, у баъзан ўзга шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниши эҳтимолини ҳам юзага келтириши мумкин.
Шу сабабли, ОАВ вакилларимизнинг саводхонлик даражаси, сўз эркинлиги ҳуқуқига амал қилишда ўзгаларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик борасидаги билимларини ошириб бориш зарур.
Умуман олганда, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш орқали медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини ҳам янада кучайтириш лозим.
ЎзЛиДеПнинг айни мақсадда илгари сураётган сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантириш ташаббуси мамлакатда очиқлик сиёсатидаги ортга қайтмас ислоҳотларни давом эттиришда муҳим қадам ҳисобланади.
LiveБарчаси