АОКА “UzAutoMotors”нинг айблови бўйича текширув бошлади
Жамият
−
22 Октябрь 2020
12160Аввалроқ, “UzAutoMotors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасини икки ўртада давом этаётган суд иши бўйича ОАВга босим ўтказишда айблаганди.
Автомобилсознинг ушба айбловига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, АОКА автокомпания даъвосига кўра давлат идорасининг ОАВга яққол босим ўтказгани (гўёки) исботланган фактларни ўз ваколати доирасида тўлиқ ўрганиб чиқади.
“Биз ОАВларга нисбатан ҳар қандай усулда босим уюштиришга йўл қўйилмаслиги лозим деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, ОАВларнинг мустақил фаолияти ва давлат органларининг очиқлигига эришиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки айнан шу йўл орқали Ўзбекистоннинг фаол ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда ахборот хилма-хиллиги таъминланишига мустаҳкам замин яратиш мумкин”, дейилади агентлик баёнотида.
Ўз ўрнида АОКА, барча ОАВларни қонунийлик, ҳаққонийлик, холислик тамойилларига амал қилган ҳолда фаолият юритишга чорлаган ва юқоридаги масалага соҳа экспертларининг ўрганишлари натижасига асосан тегишли баҳо берилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UzAutoMotors” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишнинг давоми жорий йилнинг 19 август куни кўриб чиқилди. Иш охирида комиссия “UzAutoMotors” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу қарор юзасидан “UzAutoMotors” судга мурожаат қилди. Айни вақтда суд давом этмоқда.
LiveБарчаси