“UZAUTOMOTORS” МҚКҚни журналистларга босим ўтказишда айблади
Жамият
−
21 Октябрь 2020
11107Хабарингиз бор, “UZAUTOMOTORS” АЖ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида суд давом этмоқда. “UZAUTOMOTORS” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасини суд жараёнини ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакилларига босим ўтказишда айблади. Бу ҳақда компаниянинг сайтида расмий баёнот берилди.
“Компания айрим амалдорларнинг журналистларга нисбатан цензура ва чекловлардек хато амалиётга интилишига йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблайди”, деб бошланади баёнот.
“UZAUTOMOTORS” АЖ юридик бошқармаси директори Рустам Шаймардонов шундай деди:
“Тошкент шаҳар маъмурий судида кўрилаётган ишнинг сўнгги суд мажлисидан кейин, судда жавобгар сифатида иштирок этаётган томон оммавий чиқиш қилиб, “UZAUTOMOTORS”ни гўёки биз “бузаётган ахлоқ меъёрлари”га риоя этишга чақирдилар. Қарангки, компаниянинг МҚКҚга нисбатан даъвоси юзасидан бораётган ишни тўлиқ ва шаффоф ёритишга бўлган табиий интилишимиз жавобгар томонда хавотирни уйғотаётган экан. Яна шу даражада эканки, улар очиқ-ойдин “қўмитага нисбатан даъволаримизга тегишли барча нарсани фақатгина суд муҳокамаси доирасида гапириш ва шарҳлашимиз” кераклигига ишора қилишган. Моҳиятан, бу биз учун очиқ баҳс-мунозара, шунингдек холис рақамлар ва фактларни оммага эълон қилиш ҳаммага ҳам ёқавермаслиги ҳақида биринчи сигнал бўлди.
Афсуски, иш қўмитанинг оммавий ахборот воситалари билан мулоқотни қисқартиришга чақириғи билан тугаб қўя қолмади. Ишончли манбалардан бизга маълум бўлишича, душанба куни МҚКҚ расмий вакиллари бизнинг даъвоимиз юзасидан 16 октябрь куни ўтган учинчи суд мажлиси боришини ёритган ОАВга босим ўтказишга уриниб кўрганлар.
Қатор ҳолатларда бу уринишлар муваффақиятли бўлган: Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизматининг қатъий талабидан кейин айрим ОАВ холис маълумотларт акс этган мақолаларни ўз сайтларидан ўчириб ташлаган, бошқалари эълон қилинган матнлардан МҚКҚни қониқтирмайдиган қисмларини олиб ташлаб, ўзгартиришлар киритган. Мазкур суд ишидаги оппонентларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасининг қўпол бузилиши фактидан қутилишга уринишларининг олдини олиш учун, биз мақолалар аслининг скриншотларига ҳам, шунингдек, матбуотга босимнинг бошқа исботларига ҳам эга эканлигимизни айтиб қўймоқчиман.
Ҳозир гап ҳатто, “UZAUTOMOTORS”нинг судда кўрилаётган МҚКҚга қарши ишида ким ҳақлигида ҳам эмас. МҚКҚ вакилларининг ўзлари бу жараён суд залидан ташқарига чиқиб кетиши учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Бироқ, ўтмишга қайтиб, сўз эркинлиги фундаментал қадриятига дахл қилиш аввал-бошдан муваффақиятсизликка маҳкум ва биз бундай воқеалар келгусида қайтарилмаслигига умид қиламиз. Бу ҳар томонлама жуда кўнгилсиз иш, айниқса, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ОАВ учун реклама жойлаштириш масаласида тартибга солувчи давлат органи эканлигини ёдга олсак, кимлардир бунда қандайдир босим кўрсатиш йўлларидан фойдаланишни кўриши мумкин.
Мамлакатимизда “UZAUTOMOTORS”чалик ОАВ томонидан танқидга учраган компаниялар кам, десам ҳеч ким ажабланмайди, ҳолбуки кўп ҳолларда бу унчалик ҳам конструктив танқид бўлмаган. Бироқ, бирор марта ҳам бу биз томонимиздан ўзимизга ёқмайдиган мақола ёки унинг бир қисмини ўчириб ташлашга уриниш учун баҳона бўлмаган. Масс-медиа билан мулоқотнинг маданий воситалари бор, улар шарҳ ёки раддия беришни кўзда тутади ва матбуот хизматимиз айнан шу услублардан фойдаланади. Биз Монополияга қарши курашиш қўмитасини ҳам – табиийки, бизнинг сўзларимизни рад этишга далиллари бўлса – журналистлар билан шу тарзда мулоқот қилишга чақирамиз.
Масалага узил-кесил ойдинлик киритиш учун эса, МҚКҚнинг шанба кунидаги мурожаатига шундай жавоб бераман: давлат органларининг ички ўзаро алоқаси каби тўқима ахлоқ меъёрларининг ҳеч қайсиси биз учун жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқотдан устун бўла олмайди. “Қўл синса, енг ичида” қолишига чақириқлар ва истеъмолчиларимизни хабардор қилиш ўртасидаги танловда биз доим кейингисини танлаймиз. Мени аниқ тушунишларини истардим: ОАВ эркинлиги биз учун ҳатто у компаниямизга қарши турганда ҳам мутлақ қадрият саналади, зеро бу, камида, воқелик билан алоқани йўқотиб қўймаслик ва яхши томонга ўзгаришнинг ягона йўлидир. Биз оппонентларимизга ҳам бу ёндашувимиздан фойдаланишни чин дилдан тавсия қиламиз”.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган ишнинг давоми жорий йилнинг 19 август куни кўриб чиқилди. Иш охирида комиссия “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди.
Ушбу қарор юзасидан “UZAUTOMOTORS” судга мурожаат қилди. Айни вақтда суд давом этмоқда.
LiveБарчаси