“Ёғни камроқ сол”. Ўзбекистонда ёғ нархи нега ошаётгани маълум қилинди
Жамият
−
10 Апрель 2021
39676Хабарингиз бор, жорий йилнинг март-апрель ойларида кунгабоқар ва пахта ёғларининг нархи кескин ошиб кетди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати Ўзбекистон бозорларида ўсимлик ёғи нархининг кескин кўтарилиб кетгани бўйича изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳолатдан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ички бозорда ўсимлик ёғи маҳсулотлари нархлари ўзгариши таҳлил қилиб борилмоқда.
“Ички бозорларда нархлар кескин ўсишига биринчи навбатда ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддати узайтирилиши ҳам таъсир этди.
Ўз навбатида, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатди”, дейилади хабарда.
Қўмитага кўра, ўрганишлар натижасида маҳсулотга бўлган талабни қондириш учун ички бозорда таклиф етарли даражада.
“Юқоридагиларга асосан, ички бозорда ўсимлик ёғи нархларини барқарорлаштириш мақсадида барча мутасадди вазирлик ва идоралар биргаликда барча зарур чораларни кўраётганлиги маълум қилинади”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, бозорларда йилига истеъмол учун 300 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи талаб этилади. Маълумот ўрнида, 2020 йилда 450 минг тоннадан зиёд ўсимлик ёғи истеъмол учун муомалага чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида QALAMPIR.UZ’да Ўзбекистонда ўсимлик ва пахта ёғи, уларга ҳамоҳанг тарзда мол ва парранда гўшти нархи ошиши эҳтимоли мавжудлиги ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинган эди.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15