Ангренда 18 нафар боғча болаларининг шошилинч шифохонага ётқизилганига муносабат билдирилди
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
5240Аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг жами 18 нафар тарбияланувчиси диарея билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолатга Санэпидқўмита муносабат билдирди.
Ангрен шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига 2023 йилнинг 13 сентябрь куни соат 14:00 дан бошлаб 14 сентябрь куни соат 21:00 га қадар шаҳардаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болалар кўнгил айниши, қайд қилиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, тез-тез ич келиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.
Улардан 24 нафари “овқатдан заҳарланиш ёки ошқозон фаолиятининг функционал бузилиши” бирламчи ташхиси билан ётқизилган, 7 нафарига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.
Санэпидқўмита ходимлари томонидан лаборатор текширувлар учун юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган беморлардан ҳамда, боғча омборхонасида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.
Мазкур боғчанинг 240 нафар тарбияланувчилари шифокорлар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, мактабгача таълим ташкилотининг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.
Ҳолат Санэпидқўмита томонидан тўлиқ назоратга олинган.
LiveБарчаси