Англияда декабргача локдаун эълон қилинди

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Англияда коронавирус тарқалиши тезлашгани сабабли 5 ноябрдан 2 декабргача янги чекловлар амал қилишини эълон қилди.

“Пайшанба кунидан асосий хабар баҳордаги локдаундагидек бўлади – уй қолинг!”, деган Бош вазир. У эртага бу режани Ҳукумат билан муҳокама қилади, 4 ноябрда парламент бу таклиф бўйича овоз беради ва 5 ноябрдан Англияда янги локдаун бошланади.

Жонсоннинг қарорига кўра, 5 ноябрдан Англия аҳолиси уйда қолиши лозим. Уйни иш ва ўқиш, шифокор ҳузурига, дўконга бориш ёки яқинларига ёрдам бериш учунгина тарк этишга рухсат берилади. Шунингдек, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш ва сайр қилиш мумкин бўлади. Мактаблар, коллеж ва университетларда ўқиш давом этади.

Бар ва ресторанлар фақат буюртмани ўзи билан олиб кетилишига ишлайди. Озиқ-овқат дўконларидан ташқари бошқа дўконлар, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, спортзаллар, ҳордиқ чиқариш ва кўнгилочар масканлар фаолияти тўхтатилади.

Хорижга ишчи сафардан бошқа мақсадларда чиқиш тақиқланади.

Бош вазир ушбу чекловлар кичик ва ўрта бизнесга қаттиқ зарба беришини тан олиб, тадбиркорларга кўмак кўрсатилишига ваъда берган.

Жонсон, шунингдек, пандемия сабабли британияликлар Рождество байрамини одатдагидек нишонлай олмасликлари ҳақида огоҳлантирган.

“Рождество бу йил одатдагидек бўлмайди. Эҳтимол, ўзгариш катта бўлади”, деган Борис Жонсон.

Бу чекловлар фақат Англияга тааллуқли бўлади. Британиянинг қолган ҳудудлари коронавирусга қарши қандай чоралар киритилишини ўзи белгилайди.

Британияда сўнгги суткада янги касалланиш ҳолатлари 21 мингдан кўпроқни, ўлим ҳолатлари 326 тани ташкил қилди. Мамлакатда пандемия бошидан бери касалланганлар сони бир миллиондан ошди, улардан 46,5 мингдан кўпроғи инфекциядан вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Англия

Баҳолаганлар

97

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг