Англия тажрибаси асосида ўзбек маҳаллаларида футбол инфратузилмаси ривожлантирилади
Спорт
−
16 Март
5640Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 15 март куни Ўзбекистонда оғир атлетикани ҳамда маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди.
Давлат раҳбарига маҳаллалардан бошлаб футбол инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантириш бўйича режалар тақдим этилди.
Жорий йилдан бошлаб, Англия мактаблари футбол ассоциацияси тажрибаси асосида, 8-11-синф ўқувчилари орасидан мактаб футбол етакчиси танлаб олинади. 12-15 ёшлилар ўртасида икки босқичли “Маҳалла лигаси” ҳамда 16-30 ёш тоифалари орасида уч босқичли Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади.
Футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва тармоғини кенгайтириш мақсадида маҳаллаларда мавжуд стадионлар ва бошқа спорт майдончаларидан самарали фойдаланилади. Улар йўқ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай иншоотлар барпо этилади. Эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари ўртасида маҳалла терма жамоалари тузилади. Иқтидорли ёшлар аниқланиб, профессионал футбол муассасаларига йўналтирилади.
Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ҳомийлигида Оғир атлетика спорт клуби ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилоятида ҳудудий мактаблар очилади.
Умуман, бу йўналишни ривожлантириш мақсадида уч йиллик дастур ишлаб чиқилди. Унда ёшларнинг оғир атлетикага қизиқишини ошириш, ҳудудларда спортчилар учун етарли шароитлар яратиш, селекция жараёнларини рақамлаштириш, малакали хорижий мутахассисларни жалб этиб, илғор тажрибаларни ўзлаштириш каби вазифалар қамраб олинган.
Оғир атлетикани оммалаштириш мақсадида 3 босқичли мусобақалар, Марказий Осиё ва “Uzbekistan Open” очиқ чемпионатларини ўтказиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, ёшлар ўртасида спорт ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, мусобақаларни юқори ташкилий даражада ўтказиш бўйича кўрсатмалар берган.
LiveБарчаси