Андижонда Умрага юбориш учун $2100 талаб қилган 19 яшар йигит ушланди
3-саҳифа
−
29 Октябрь 909 2 дақиқа
Андижон ва Фарғона вилоятларида одамларни Умра зиёратига ноқонуний юборишга уринганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги сайёҳлик фирмаси иш юритувчиси мазкур фирма фуқароларни Умра зиёратига юбориш бўйича тегишли лицензияга эга бўлмасада, Балиқчи туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахснинг ишончига кириб, унинг 4 нафар қариндошини Саудия Арабистонига муборак сафарга жўнатиш учун 4400 АҚШ доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фирма иш юритувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бу каби ноқонуний ҳолат Фарғона вилоятида ҳам қайд этилган. Хусусан, Тошлоқ туманида яшовчи, 2007 йилда туғилган шахс Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони Наманган вилоятида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси орқали Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 2100 АҚШ доллари талаб қилган. Лекин, у олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Билдирилишича, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига мувофиқ, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти махсус лицензия асосида амалга оширилади. Мазкур тартиб зиёратчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизматлардан фойдаланишини кафолатлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Наманган вилоятларида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилган икки шахс ушланган эди.
Live
Барчаси27 Октябрь