Андижонда халқаро террористик ташкилот тарафдорига суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
30 Июль 6702 2 дақиқа
Андижон вилоятида 28 ёшли халқаро террористик ташкилот тарафдори 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятнинг Андижон туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро 2023 йилдан бошлаб “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг медиа тарғиботчилари таъсирига тушиб, ташкилотнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишга, “шаҳид” кетишга даъват қилувчи, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ғояларини қўллаб-қувватлайди, материалларини ижтимоий тармоқдаги профиллари орқали тарқатади. ХТТ аъзолари билан доимий алоқага киришиб, ташкилот сафида “жиҳод” амалини бажариш орқали қуролли тўқнашувлар ва террористик ҳаракатларда иштирок этишни режалаштиради.
Бундан ташқари ушбу фуқаро ХТТ аъзоларига бевосита молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида мунтазам равишда пул маблағларини жўнатади. Хусусан, 2023-2024 йиллар давомида умумий ҳисобда криптовалюта орқали 2912 АҚШ доллари ва банк карталари орқали 4 млн 190 минг сўм пул маблағи юборади.
Кейинчалик, 2023-2024 йилларда Суриядаги террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун Қирғиз Республикаси орқали 2 маротаба Туркия давлатига боради. Аммо Сурия давлатига ўтишни имкони бўлмагач, ХТТ аъзосининг кўрсатмаси билан Афғонистонга бориб, “Ислом жиҳоди иттиҳоди” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилишни режа қилади. Эрон давлати орқали Афғонистонга ўтишга уринган ушбу шахснинг режаси охирига етмай 2024 йилнинг ноябрь ойида қўлга олинади.
Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155-2-моддаси (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 155-3-моддаси (Терроризмни молиялаштириш) 2-қисми “а” банди, 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида “Ислом давлати Хуросон вилояти” халқаро террористик ташкилотининг яширин “жамоати” фош этилганди. Хусусан, гуруҳнинг 16 нафар аъзоларининг яшаш манзиллари кўздан кечирилиб, 37 та уяли алоқа воситалари, 51 дона нашриёти кўрсатилмаган диний адабиётлар, 40 та DVD диск, 4 та флеш-карта ҳамда ноутбук ва планшет ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Live
Барчаси