Андижонда ФВБ мансабдори пора билан ушланди
Crime
−
18:09 1535 1 minute
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари тадбиркорга текширувда ёрдам беришни ваъда қилиб, 1,5 млн сўм пора олган вақтда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Шаҳрихон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Б.Г. “Ҳ.” МЧЖ иш юритувчиси Э.К.нинг ишончига кириб, умумий овқатланиш шохобчасида келгусида фавқулодда вазиятлар бўйича текширув ўтказмаслик ёки текширувчилар келган тақдирда масалани унинг фойдасига ҳал қилиб беришини айтган. Мансабдор ушбу хизматлари эвазига 1,5 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида туман кадастр бўлими мутахассиси фуқаронинг 31 сотих нотурар ер майдонини тураржой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All