Андижон ва Сурхондарёда солиқчилар пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
10 Июль 2025 8992 2 дақиқа
Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори ва Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Аниқланишича, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори мансаб мавқеидан фойдаланиб, Олтинкўл туманида радио ва телеаппаратуралар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан солиқ ва йиғимлар бўйича топширилган солиқ ҳисоботларида товарлар реализацияси тўғри акс эттирилмаганлиги натижасида МЧЖга жуда кўп миқдорда солиқ ҳисобланиши ҳамда солиқ текшируви ўтказилишини айтган.
Сўнгра у Солиқ бошқармасидаги ҳамкасблари орқали ушбу текширувни ўтказмасликни ваъда қилиб, эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилади ва муқаддам МЧЖ таъсисчисидан 500 АҚШ доллари олган. Аммо у қолган 2500 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманида мотоцикллар ва эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали сайёр солиқ текшируви ўтказиш билан қўрқитиб, мазкур текширувни амалга оширмаслик эвазига МЧЖ раҳбаридан 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ушбу солиқ идоралари ходимларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими ва Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушганди.