Андижон турмаси бошқа жойга кўчирилади
Жамият
−
16 Апрель 2025 8798 2 дақиқа
Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида жойлашган “Андижон турмаси” номи билан танилган 3-сонли тергов ҳибсхонаси кўчирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 16 апрель куни вилоятда комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида маълум қилди.
Унга кўра, шаҳар марказида 100 йил олдин қурилган ушбу тергов ҳибсхонаси шаҳар чеккасига кўчирилиши, унинг ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди. Негаки кундан-кунга шаҳар кўркига кўрк қўшилиб турган вақтда бундай “совуқ” бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди.
Бундан ташқари, Президент мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф беришни топширди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида кеча, 15 апрель куни Андижон вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Янги Андижон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди. Бугун, 16 апрель куни вилоятда комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилишини айтди.
Live
Барчаси