“Америкалик асирларни озод қилиш, аёллар ҳуқуқларини тиклаш”: АҚШ “Толибон”га шартларини айтди
Олам
−
01 Август 2023
5771АҚШ ва Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати вакиллари Қатар пойтахти Дохада икки кунлик музокаралар учун йиғилди. Йиғилишнинг биринчи раунди якунланганидан сўнг Вашингтон “Толибон” билан иқтисодий барқарорлик ва наркотик моддалар савдосига қарши кураш бўйича кейинги техник музокаралар учун очиқ эканини билдирди. Бу ҳақда бугун, 1 август куни АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Давлат департаменти Афғонистондаги молиявий аҳвол яхшилангани, жумладан, инфляция даражасининг пасайиши, шунингдек, 2022 йилга қадар тақиқ доирасида кўкнори етиштириш камайтирилганини олқишлаган ва гиёҳвандликка қарши курашишда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини айтган.
Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Афғонистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганидан хавотирдалигини билдирган ва “Толибон”ни қизларнинг таълим олиш тақиқини бекор қилиш, аёлларнинг ишлашига рухсат бериш ва ҳибсга олинган америкаликларни озод қилишга чақирган.
“Толибон” ҳаракати вакиллари билан музокаралар ўтказган АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уест учрашувларда “Афғонистондаги асосий манфаатлар” муҳокама қилинганини айтган.
“Биз мамлакатдаги иқтисодий вазият, инсон ҳуқуқлари, гуманитар эҳтиёжлар, хавфсизлик мажбуриятлари, инклюзивлик ва гиёҳванд моддаларни назорат қилиш масалаларини муҳокама қилдик”, дейди АҚШ махсус вакили.
Шунинг баробарида, “Толибон” ўз етакчиларига қўйилган тақиқларни олиб ташлаш ҳамда Афғонистон марказий банкининг хорижий активларини қайтаришга чақирган.
“Афғонистон Ислом Амирлиги етакчиларига қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши ва Марказий банк захираларининг қайтарилиши афғонлар ўз иқтисодиётини ташқи ёрдамга қарам бўлмасдан ривожлантира олиши учун ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор таъкидлади”, дейилади “Толибон” Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Маълумот учун, Афғонистоннинг банк сектори “Толибон” ҳокимиятга қайтганидан сўнг санкциялар остида қолган. Афғонистон Марказий банкининг 7 миллиард доллар миқдоридаги хорижий активлари Нью-Йоркдаги Федерал захира банкида музлатиб қўйилган. Ҳозир бу маблағларнинг ярми штаб-квартираси Швейцарияда жойлашган Афғонистон жамғармасида сақланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уест ҳамда Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи бўйича вакили Рина Амири Остонада Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистон бўйича сессия ўтказганди. Унда Ўзбекистон томонидан Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев қатнашганди.
LiveБарчаси