АҚШ ва Марказий Осиё вакиллари Афғонистон бўйича сессия ўтказди
Олам
−
28 Июль 2023
5415Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ вакиллари иштирокида Афғонистон бўйича C5+1 форматида махсус сессия бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биносида бўлиб ўтган ушбу тадбир доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари гуманитар ёрдам кўрсатиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Афғонистон билан халқаро ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш ва терроризмга қарши кураш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинган.
Қозоғистон томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Талгат Калиев сессия иштирокчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласига қаратган.
Тадбирда АҚШ томонидан Афғонистон бўйича махсус вакил Томас Уест ҳамда Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи бўйича махсус вакили Рина Амири иштирок этган.
Кейинчалик АҚШ махсус вакилини Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Қайрат Умаров қабул қилган. Икки томонлама учрашувда АҚШ вакиллари Қозоғистон ҳукумати томонидан Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлаб, ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни қайд этган.
Қайрат Умаров Қозоғистон Афғонистонга кўмак бериш ва мамлакатдаги оғир гуманитар инқироздан чиқиш йўлларини излаш бўйича халқаро лойиҳаларга қўшилиш тарафдори эканини айтган. Хусусан, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Олмаота шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, савдо ва инвестицияларни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган БМТнинг Барқарор ривожланиш минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусига эътибор қаратилган.
Маълумот учун, Афғонистон бўйича C5+1 форматидаги махсус сессияда Ўзбекистон томонидан Президентнинг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ расмийлари Томас Уест ва Рина Амири Қозоғистондаги йиғилишдан сўнг, Қатарга бориши ва Доҳада “Толибон” ҳаракати эмиссарлари билан учрашиши айтилганди.
LiveБарчаси