Алламжоновга суиқасд иши. Ўзбекистон икки россияликни Интерпол қидирувига берди

3-саҳифа

image

Ўзбекистон томонидан икки нафар Россия фуқароси Бислан Расаев ва Шамил Темирхонов Интерпол қидирувига берилди. Буни QALAMPIR.UZ’нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси тасдиқлади.

Интерпол сайтида Расаев ва Темирхонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241- (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 246- (Контрабанда) ва 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланаётганини кўриш мумкин. 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилишга алоқадорликда гумонланган Жавлон Юнусов ҳам Интерпол қидирувига берилган ва Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Шунингдек, шу ишга алоқадорлиги сабаб қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган.

QALAMPIR.UZ манбаси ҳозирда Интерпол қидирувига берилган Бислан Рисаев ва Шамил Темирхонов ҳам Алламжоновга суиқасдга алоқадорлигини на тасдидлади ва на рад этди. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасдда қўли борлиги ҳақида хабарларни рад этиб, буни провокация деб атаганди. 

“Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин мамлакат Президенти маъмуриятининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ натижаларни кутмасдан, ғарбпараст ва баъзи мухолифат ОАВлари "чечен изи" ҳақидаги версияни чиқарди ва кейин бу изни бутунлай менга улашди. Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада. Мен шуни қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирган бўлсам, уни охиригача ва 100% натижа қиламан. Қандай бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим бу провокацион маълумотлар чиқиндиси ортида ким турганини аниқ билиб оламиз. Бу борада иш аллақачон бошлаб юборилган”, дейди Рамзан Қодиров.

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Комил Алламжонов Чеченистон Бислан Рисаев Шамил Темирхонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг