Алиевни кўкка кўтарган россиялик журналист ишдан ҳайдалди (видео)
Олам
−
25 Июль 7068 2 дақиқа
Россия Бош вазири Михаил Мишустин таниқли журналист Михаил Гусманни ТАСС ахборот агентлиги бош директори биринчи ўринбосари лавозимидан озод этди. Бу ҳақдаги қарор Россия ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.
ТАСС бош директори Андрей Кондрашов Гусманнинг 30 йиллик фидокорона хизматини алоҳида эътироф этиб, унга миннатдорлик билдирган. Унинг таъкидлашича, Гусман агентлик фаолиятига юзлаб халқаро ва Россия тадбирларини, минглаб ижодий ғояларни олиб кирган, 50 дан ортиқ хорижий ахборот агентликлари билан ҳамкорлик шартномаларини тузишда бевосита иштирок этган.
75 ёшли Михаил Гусман 1999 йилдан буён ТАСС’да юқори лавозимларда ишлаб келган. У 2000 йилдан бери эфирга узатилаётган “Ҳокимият формуласи” номли машҳур телевизион дастур муаллифи ва бошловчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, у UNESKO ҳузуридаги Халқаро ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш дастурининг Россиядаги қўмитасини бошқаради ва ташкилотнинг ҳукуматлараро кенгашида аъзолик қилади.
Гусман – фахрий маданият ходими (2001) ва фахрий журналист (2018) унвонларига эга. У таниқли режиссёр ва телебошловчи Юлий Гусманнинг укаси ҳисобланади.
Маълумот учун, ҳужжатда мазкур истеъфога аниқ сабаб келтирилмаган бўлсада, ОАВ бу Гусманнинг Озарбайжон раҳбарияти ҳақидаги очиқчасига мақтовли баёноти сабаб бўлганини ёзди. 19 июль куни Хонкендида бўлиб ўтган учинчи Шуша халқаро медиа-форумида Гусман Россия ОАВ вакили сифатида Озарбайжон етакчисини “бутунлай ноёб кўп йўналишли ташқи сиёсат олиб бораётган, худди моҳир скрипкачи каби иш юритаётган сиёсатчи”, дея тарифлаган.
Озарбайжон ва Россия орасидаги муносабатлар сўнгги ойларда таранглашган.
Live
Барчаси