Илҳом Алиев украиналикларга жуда муҳим маслаҳат берди
Олам
−
20 Июль 20777 4 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Украина яхлитлигини тиклаш бўйича бир қатор тавсиялар берди. Бу ҳақда у кеча, 19 июль куни Хонкендида бўлиб ўтган учинчи Шуша халқаро медиа-форумида сўзлаган нутқида сўз очди.
Форумда Озарбайжон раҳбаридан ўттиз йилдан сўнг ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашга муваффақ бўлган халқ раҳбари сифатида украиналикларга қандай маслаҳат бериши сўралди.
Бунга жавобан Алиев бир неча йил аввал ҳам шунга ўхшаш саволга жавоб берганини ва унинг жавоби аввал айтганидан фарқ қилмаслигини маълум қилди. У вазиятни Тоғли Қорабоғ юзасидан Арманистон билан бўлган можарога қиёслади.
“Менимча, бу Украина халқининг орзу-умидларига тўғри келади. Ҳеч қачон босиб олишга рози бўлманг. Бу асосий маслаҳат. Биз шундай қилдик”, деган Илҳом Алиев.
Саволларга жавоб беришда давом этар экан, Президент ўз мамлакати ҳақида ҳам гапириб берди. Хусусан, Биринчи Қорабоғ уруши даври Озарбайжон учун жуда оғир ва фожиали бўлиб, кўплаб қурбонлар бўлганини айтди. Алиевга кўра, тўқнашувдан кейинги давр ҳам унчалик осон бўлмаган.
“Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, бизда тирикчилик воситасидан маҳрум бўлган бир миллион одам бор эди. Қорабоғ вилоятидан 700 мингдан ортиқ озарбайжон, шунингдек, Арманистонда яшовчи 250 минг озарбайжон депортация қилинди”, деди Президент.
Унинг қўшимча қилишича, ўша пайтда мамлакат аҳолиси 8 миллион кишини ташкил қилган. Давлат аҳоли жон бошига қочқинлар сони бўйича энг юқори давлатлардан бирига эга эди. Озарбайжон бюджети бўш бўлган ва мамлакатга ташқаридан деярли ҳеч қандай ёрдам келмаган. Хусусан, халқаро қўллаб-қувватлаш мавжуд бўлмаган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ана шундай қийин шароитда мамлакатни Алиевнинг отаси, марҳум собиқ президент Ҳайдар Алиев бошқарган ва у вазиятни барқарорлаштиришга ҳамда давлатни босқичма-босқич тиклашга муваффақ бўлган.
“Аста-секин биз оёққа тура бошладик, жонлана бошладик ва фақат бир нарсани ўйлашга тушдик. Ишончим комилки, фуқароларимизнинг катта қисми менинг айтганларимга қўшилади. Биз босиб олинган ҳудудни қандай қайтариш ҳақида ўйладик. Бу қийин бўлишини тушунардик”, дейди Алиев.
Кўп ўтмай, халқаро вазият Озарбайжонга қарши бўлса ҳам, мамлакат аста-секин ўз ҳудудини қайтариб ола бошлади. Хусусан, Алиевга кўра, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи Арманистон томонида бўлиб, ундагиларнинг барчаси статус-кво ўзгармаслиги ва вазият абадий давом этишини таъминлашга ҳаракат қилди. Бундан ташқари, бошқа масалалар ҳам бор эди. Бироқ, Озарбайжон бундай воқеликларга рози бўлмаган ва 2020 йилда мустақил қарор қабул қилган.
“Биз янги воқеликларни яратамиз, кейин сиз уларга чидашингиз керак, деб қарор қилдик. Шундай ҳам бўлди, биз 2020 йилда янги реалликларни яратишни бошладик. Улар бунга кўнишга мажбур бўлди, кейин эса 2023 йилнинг сентябрь ойида амалиёт ўтказиб, масалани бир кунда ҳал қилдик. Шундай қилиб, мен саволга бироз кенгроқ жавоб беряпман, аммо бу бошланғич фикримни очиб беради”, деди Алиев.
Жавобини давом эттирар экан, у асосий фикрга урғу берди:
“Менинг айтганларимга қайтсак – ҳеч қачон таслим бўлманг ва ҳудудий яхлитликнинг бузилишига умуман рози бўлманг”, деган у.
Алиев босиб олинган ҳудудларни қайтаришдан олдин у 17 йил давомида Озарбайжон Президенти бўлганини қўшимча қилди. Шу билан бирга, у адолатга бўлган ишончи деярли йўқолганини айтди.
Озарбайжон Президенти яна бир муҳим омил сифатида жамиятнинг консолидациясини (бирлашув, жипслашув) қайд этди.
“Консолидация менга Президент ва Олий бош қўмондон сифатида маънавий куч берди. Жамият ва халқ менинг орқамда туришига ишончим комил эди. Ва бу, эҳтимол, ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган. Шунинг учун яна қайтараман: ҳеч қачон таслим бўлманг”, дея хулоса қилди Алиев.
Бир неча ой олдин Алиев дунёда урушлар томонлардан бири таслим бўлиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганидан кейингина тугашини айтган эди. Форумда Украинадаги уруш масаласига тўхталган Озарбайжон Президенти яқин келажакда Украина ва Россия ўртасида тинчлик ўрнатиш истиқболларини кўрмаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Илҳом Алиев Озарбайжон 2024 йилнинг декабрида Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўлларининг (AZAL) Embraer 190 самолёти ҳалокати билан боғлиқ ҳолда Россияга қарши халқаро судларга тақдим этиш учун ҳужжатларни тайёрлаётганини маълум қилганди.
Live
Барчаси