Озарбайжон AZAL самолёти ҳалокати юзасидан Россияга қарши судга даъво қилмоқчи

Олам

image

Озарбайжон 2024 йилнинг декабрида Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўлларининг (AZAL) Embraer 190 самолёти ҳалокати билан боғлиқ ҳолда Россияга қарши халқаро судларга тақдим этиш учун ҳужжатларни тайёрламоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Илҳом Алиев Хонкендидаги Шуша медиа-форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Алиевнинг сўзларига кўра, етти ой давомида Озарбайжон Россия томонидан бирорта ҳам аниқ жавоб олмаган. Унинг айтишича, Озарбайжон Бош прокурори мунтазам равишда Россия Тергов қўмитасига сўровлар юборади, бироқ бунга жавобан фақат “тергов давом этмоқда” деган гап келади. Алиев бу позицияни “тескари самарасиз” деб атади.

“Биз нима бўлганини биламиз ва буни исботлай оламиз. Биз биламизки, Россия расмийлари ҳам содир бўлган воқеадан хабардор. Нима учун улар бундай вазиятда бирон-бир қўшни қиладиган ишни қилмаяпти”, дейди Алиев.

Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон ўз айбига иқрор бўлишни, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон тўлашни ва AZAL авиакомпаниясининг самолёт йўқолгани учун етказган зарарини қоплашни талаб қилади. Унинг эслатишича, Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 ҳалокати бўйича тергов ишлари ўн йилдан ортиқ давом этган ва унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳам “керак бўлганда кутишга” тайёр.

Озарбайжон Президенти Россия-Украина можаросига ҳам изоҳ берди. “Украинага қандай маслаҳат бера оласиз?” деган саволга Алиев қуйидагича жавоб қайтарди:

“Ҳеч қачон босиб олишга рози бўлманг, биз шундай қилдик”.

У вазиятни Тоғли Қорабоғ юзасидан Арманистон билан бўлган можарога қиёслади.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидлади.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин  Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевдан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.   

Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон AZAL

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг