Алишер Усмонов Германия нашри устидан судда ғалаба қозонди
Олам
−
08 Февраль
4602Германиянинг Гамбург ер суди “Tagesspiegel” газетасига тадбиркор Алишер Усмонов ҳақида ёлғон даъволарни тарқатишини тақиқлади. Бу ҳақда тадбиркор вакилига таяниб, ТАСС хабар берди.
2024 йил ноябрь ойида “Tagesspiegel” газетасида Андрей Поповнинг “Германияни севувчи ва Путиннинг дўсти: Россиялик олигарх Алишер Усмонов ким?” сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Ушбу материал тадбиркорга қарши илгари илгари сурилган кўплаб айбловлар ва асоссиз даъволарни ўз ичига олган бўлиб, хусусан, унинг Германияда мулклари борлиги ҳақидаги иддаолар ҳам мавжуд бўлган.
“Нашр Алишер Усмоновнинг адвокатидан мактуб олгач, мақолани ўчириб ташлади, бироқ ундаги даъволарни тарқатишдан воз кечмади. Шундан сўнг, А. Усмонов Гамбург ер судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд унинг далилларига қўшилди ва ҳатто оғзаки тинглов ўтказмасдан унинг фойдасига қарор чиқарди”, деди тадбиркор вакили.
Хусусан, суд “Tagesspiegel” нашрига Усмонов ўз активларини “ноҳалол йўл билан” қўлга киритганини даъво қилишни тақиқлади. Тадбиркорнинг ўзи бир неча бор давлат мулкини хусусийлаштиришда қатнашмаганини, балки барча активларини очиқ бозор шароитида, рақобат асосида сотиб олганини таъкидлаб келган. Шунингдек, суд Усмоновга Тегернзе кўлидаги кўчмас мулк ҳамда “Дилбар” яхтаси тегишли эканлиги ҳақидаги даъволарни асоссиз деб топди ва уларни тарқатишни ман этди. Бундан ташқари, суд “Tagesspiegel” газетасининг Усмонов “кўп йиллар давомида Бавариянинг Роттах-Эгерн шаҳрида яшаган”, деган иддаосини ҳам шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг бузилиши ва тасдиқланмаган даъво сифатида баҳолади.
“Шундай қилиб, суд “Tagesspiegel” нашрига Германия прокуратураси томонидан А. Усмоновга нисбатан илгари сурилган айбловларга асос бўлувчи маълумотларни тарқатишни тақиқлади. Немис прокуратураси уч йилдан бери ҳеч қандай натижага эриша олмай Усмонов гўёки Германиянинг солиқ резиденти бўлиб, тегишли солиқлардан бўйин товлашда айбланаётганини исботлашга уринмоқда”, дея қўшимча қилган тадбиркор вакили.
Бундан ташқари, немис суди нашрга “Усмонов Франкфурт прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловлардан миллионлаб евролик жарималар ва компенсациялар тўлаш орқали қутулиб қолган”, деган даъволарни тарқатишни ҳам тақиқлаган. Аввалроқ, Усмоновнинг адвокатлари Франкфурт-Майн Бош прокуратураси тадбиркорга қарши жиноий ишни Германия қонунчилигига тўлиқ мувофиқ равишда тугатгани ва Усмонов ҳеч қандай жарима ёки компенсация тўламаганини, балки фақат ихтиёрий равишда хайрия маблағ ажратганини билдирган. Суд қарорида “Tagesspiegel” бошқа ахборот агентликларининг хабарларини ҳақиқатга мослигини текширмасдан тарқатиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳам таъкидланган.
“Суд ушбу барча даъволарни А. Усмоновнинг шахсий ҳуқуқларини бузувчи деб топди, чунки улар фактлар сифатида тақдим этилган бўлса-да, жавобгар (газета) уларнинг ҳақиқатлигини исботлай олмади ёки ҳеч қандай тасдиқловчи далиллар келтирмади”, дейди Усмонов вакили.
Суд қарорини бажармаганлик учун газетага ҳар бир ҳолат учун 250 минг еврогача жарима ёки олти ойгача маъмурий ҳибс жазоси тайинлаши мумкин. Агар бу жазолар йиғилиб борса, нашр икки йилгача маъмурий ҳибс билан жазоланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг август ойида Германиянинг ARD телеканали Париж Олимпиадасидаги қиличбозлик ҳақида репортаж эълон қилиб, унда журналист миллиардер Алишер Усмоновни ҳакамларни сотиб олишда айблаган эди. Кейинчалик телеканал ушбу материалнинг ҳақиқатга зид эканини тан олган.
LiveБарчаси