Алишер Қодиров оталарнинг оиладаги обрўсидан хавотирда
Жамият
−
20 Июнь
7035“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан “иш ҳақи сақланадиган 3 йиллик оналик таътили” лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда партия раҳбари Алишер Қодиров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қодиров ўз мурожаатида дастлаб эркаклар нафақат оилада, балки бутун жамиятда обрўсизлантирилаётгани ва бу кейинчалик жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Депутат ўз фикрини қуйидагича изоҳлади:
“Боғча ва мактабни эркак тарбиячи ва ўқитувчилар ташлаб кетганига анча бўлди. Сўнгги йилларда эркаклар оиладан ҳам сиқиб чиқарилаётгандек… Турли миллатларда қадриятлар турлича бўлади, бизники ҳам ўзимизга хос. Минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимизда эркак ва аёл муносабатларидаги мувозанатни аёл фаровонлигининг асосий душмани деб кўрсатаётганлар, аллақачон оила ва оталикни янчиб ташлаб бўлган маданиятларнинг тарғиботчиларига ташлаб қўймаяпмизми?“
Шунингдек, Алишер Қодиров аҳмоқлар ҳамма миллатда топилиши, айрим зўравон ва тарбиясизни мисол қилиб кўрсатиш орқали ўзбек эркакларининг ҳаммаси аёлини хор қилади деган қарашларни ёшлар онгига сингдириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин деган саволни ўртага ташлади.
Партия раҳбари мурожаатининг иккинчи ва асосий қисмида у ва унинг жамоаси томонидан меҳнат қонунчилигида жиддий ўзгаришга олиб келувчи лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида сўз очди.
“Биз сайлов дастуримизда фарзанд кўрган аёлларга тарбия тренингларида иштирок этиш шарти билан 3 йилгача ҳақ тўланадиган оналик таътили бериш таклифи устида ишлаяпмиз”, деди депутат.
Маълумот ўрнида, амалдаги янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида оналик таътили бўйича белгиланган тартиб Қодиров илгари сураётган таклифдан мутлақо фарқ қилади.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
405-моддага биноан эса, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади. Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.
LiveБарчаси