Алимент тўламаган 5 киши жиноий жавобгарликка тортилди
Жамият
−
23 Октябрь
2463Ўзбекистон қонунчилигига кўра, алимент тўламасликнинг оқибати жиноий жавобгарлик билан тугаши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати огоҳлантирди.
Билдирилишича, 2024 йилнинг 9 ойи давомида Омбудсманга алимент ундириш бўйича 370 та мурожаат келиб тушган. Улар сони 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 23,3 фоизга ошган. Ушбу мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 286 млн 477 минг сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган. Бунда, 8 та ҳолатда алимент тўламаган қонунбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган, 5 та ҳолатда эса айбдор-қарздорларга жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан жазо тайинланиши белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига кўра, вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун алиментларни ўз вақтида тўламаган шахсларга 15 сутка қамоқ ёки БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима, шунингдек, 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси қўлланиши мумкин.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги қарори билан тасдиқланган “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида”ги Низомга кўра, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздордан жиноят ишлари бўйича суддан келиб тушган алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ундириш чоралари кўрилади.
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча чоралар натижасиз бўлган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тўловлар амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, алимент ундируви 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, қарздорнинг нафақасига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, 1 октябрдан бошлаб, қарздор педагог ходимларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, хусусий сектор ва бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори эса 10 фоизга ошганди. Жорий йилнинг 1 октябрдан ишсиз алимент тўловчилар томонидан тўланадиган алимент миқдори ҳам ўртача 10 фоизга ошди.