Аламли мағлубият билан келган эртанинг ишончи
Таҳлил
−
18 Июнь 2954 11 дақиқа
Бугун, 18 июнь Тошкент вақти билан тонгги соат 07:00 да Ўзбекистон футболида чинакам тарихий воқеа содир бўлди. Бу шундай воқеа эдики, уни бутун миллат мустақил бўлганидан бери орзиқиб кутарди. Шундай мухлислар бор эдики, Ўзбекистон номи остидаги терма жамоа учун борини берган, ҳатто жонини-да хатарга қўйиб мухлислик қилишганди. 34 йиллик шунақа қонли ва сабрга йўғрилган кўз ёшлари манашу тонгда қувонч ва ифтихор ёшларига сабаб бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалдаги илк тарихий ўйинини 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан бошлади. Ўйиннинг дастлабки вақтларида ишончли ҳаракат қилган “Оқ бўрилар” ўз дарвозасидан 40-дақиқада Луиc Диаcнинг марказдан берган ажойиб узатмаси оқибатида дастлабки голни олиб чиқди. Аммо иккинчи бўлимда Фабио Каннаваро шогирдлари тизгинни бир муддат қўлга олиб, ташкил қилинган хавфли ҳужум ортидан Аббосбек Файзуллаев бош билан гол урди ва Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги илк голига муаллифлик қилди. Афсуски, кейин марказдаги хато ва қарши ҳужумдаги тезкорлик ортидан Ўткир Юсупов дарвозаси яна икки бор ишғол қилинди.
Бу бўлиб ўтган баҳснинг умумий фондаги кўриниши бўлса, уни асли негизида нималар мағлубиятга сабаб бўлгани-ю, нималалар мухлисларга ишонч ва умид берганини пайқаш мумкин. Қуйида QALAMPIR.UZ сизга мана шундай тафсилотларни таништиради.
Колумбия ва мағлубият алами
Жаҳон чемпионатининг “К” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги баҳс томошабин ва таҳлилчиларнинг кутган ва кутмаган вазиятларига бой бўлди. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон термасининг FIFA доирасида аввалги икки ўртоқлик ўйини мухлисларни икки қутбга ажратган эди. Аксарият мухлислар ва футбол экспертлари Ўзбекистоннинг илк ўйинда мағлубиятини тахмин қилганди ва бу ҳақиқатга айланди. Бироқ гап шундаки, “Оқ бўрилар” қилинган кутилмалардек фақат ҳимоявий ўйин ўтказмади, улар ўйиннинг маълум вақтларида устунлик ҳам қилди ва ҳатто, бир қадам олдинда бўла олишини ҳам исботлайдиган ҳаракатларни амалга оширди.
Агар вазиятга реал қарайдиган бўлсак, Колумбия терма жамоаси дунёнинг энг кучли терма жамоалари қаторида эсланади. Буни жамоа аввалги мундиал турнирларидаги натижалари ва иқтидорлари орқали исботлаб қўйган. Аниқ рақамларга қарайдиган бўлсак, Колумбия терма жамоаси FIFA рейтингида 13-ўринни эгаллаб, Жанубий Америка (CONMEBOL) минтақасида Аргентина (1-ўрин) ва Бразилиядан (6-ўрин) кейинги юқори ўринлардан бирида жойлашган.
Нестор Лоренcо қўл остидаги “кофечилар” 2022 йилги ЖЧни ўтказиб юборгандан сўнг таркибни сезиларли даражада кучайтирди ва дунёнинг энг хавфли жамоаларидан бирига айланди. Жамоа ҳужумида бугуннинг энг кучлиларида бири Луис Диас, Луис Суарез ва Хамес Родригес ҳаракат қилаётганининг ўзи кўп нарсани ойдинлаштиради.
Бундан ташқари, аввал айтилганидек, баҳс бўлиб ўтган Мексикадаги “Ацтека” стадиони дунёдаги денгиз сатҳидан энг баландда жойлашган майдон ҳисобланади. Бу эса майдондаги футболчиларда яхшигина босим ва тез чарчоқ юзага келтиради. Колумбиянинг минтақавий жойлашиш нуқтасини ҳисобга олсак, улар деярли ўз уйида ўйнади. Ўзбекистон эса бу жиҳатдан ҳам мослашишга мажбур бўлди.
Шу билан бир қаторда, мундиал олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий фигураларидан бири бўлган Жалолиддин Машариповнинг жароҳатдан фориғ бўлолмагани ҳам жамоа кайфиятига салбий руҳ бергани сезилгандек бўлди.
Умуман олганда, вазиятга реал нигоҳ билан қаралса, мағлубият кутилмаган деб бўлмайди. Бунга аввалдан етарли сабаблар ҳам бор эди. Аммо таблодаги 1:3 ҳисоби кутилмаган эди. Ҳа, ҳисоб кутилмаган ва аламли бўлди. Сабаби Каннаваро шогирдлари дастлабки дақиқалардан ишончли ва жамоавий ўйин кўрсатди. Шомуродов бошчилигидаги жамоа чуқур ҳимояланган бўлса-да, буни юқори техника ва ҳужумкор жамоа билан бирга ушлаб туриш осон эмасди.
Рақамлар тилга кирса
Агар аниқ рақамларга қараса, статистика ўйиннинг умумий манзарасини кўрсатиб беради, аммо мағлубият ортида кучсиз Ўзбекистоннинг ишончсиз ўйини эмас, аксинча, тажриба ва рақибнинг класси ётганини баҳсни кузатганлар яхши ҳис қилди.
Колумбия дастлабки 45 дақиқаликда ўйинни тўлиқ назорат қилди. Ундаги тўп назорати 72 фоиз бўлди. “Оқ бўрилар”нинг бундай юқори темпга ва Луис Диас бошчилигидаги ҳужумкор босимга мослашгунларича бироз вақт кетди. Албатта, бу вазиятда кўпчилик тезкор голдан сақланишни бод-бод такрорлаган бўлса-да, оқлар дастлабки дақиқалардан ишончли ўйин кўрсатиб, рақиб ҳужумларига яхшигина қаршилик қилди.
Бундан ташқари, колумбияликлар ўзларидаги 4 та яққол голли вазиятнинг 3 тасидан унумли фойдаланди. Айниқса, учрашув қаҳрамони Диас ўз сўзини айтди. Бугун у ҳамма жойда ўйнади. Табиийки, ҳужумчи турли нашрлар талқинига кўра 8,5 баллга муносиб кўрилди ва баҳснинг энг яхшиси деб эътироф этилди. Ўтган бутун мавсум давомида Европа майдонларида кўрсатган ўйини ҳам Диаснинг энг юқори формада эканидан далолат берарди.
Шунингдек, Ўзбекистон таркибида Аббосбек Файзуллаев энг фаол футболчилардан бири бўлди. У жамоанинг ЖЧдаги илк голига муаллифлик қилди ва “SofaScore” талқинига кўра 7,1 рейтингга сазовор бўлди. Отабек Шукуров ҳам марказда барқарор ўйин намойиш этиб, 45 та аниқ пас ва 62 марта тўп билан ҳаракат қилиш орқали жамоанинг иккинчи бўлимдаги фаоллигига ҳисса қўшди.
Қанот муаммосини ёпган Каннаваро ва ҳимоя
Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоани 3-4-2-1 схемасида майдонга тушириб, қанотларни мустаҳкамламоқчи бўлди. Мураббий кўпчилик ҳайиққан қанотлар муаммосини аъло даражада ёпди. Айниқса, ўйинда ўнг қанотда ҳаракат қилган Беҳрузбек Каримов алоҳида ажралиб турди. У Диас қанотини яхшигина совитиб турди ва мана шу жиҳатдан биринчи голда колумбиялик ҳужумчи голли узатмани ўз қанотидан эмас, марказдан амалга оширишга мажбур бўлди.
Ўзбекистон ҳимояси яхши ўйин ўтказди дейишга таблодаги ҳисоб йўл қўймасада, аввалги жамоаларга қарши ўйинларни ҳисобга олиб буни яхши дейиш мумкин. Жамоада энг керакли нарса, ҳимоявий ҳамжиҳатлик кўринди. Бундан ташқари, йигитлар баъзи вақтларда бутун эътиборини ҳимояга қаратмаганидан тезкорлик ва позицияларнинг бой берилиши, Элдор Шомуродовнинг марказдаги кутилмаган хатоси ва якуний дақиқалардаги диққатни йўқотиш ортидан рақибга эркинлик ва ҳисобда илгарилаш имконини берди. Бундай юқори даражадаги турнирларда ҳар қандай хато, айниқса, марказдаги хатолар қимматга тушиши турган гап эди.
Бироқ ҳисоб 3:1 бўлишига қарамай, ички статистика ва ўйин мазмуни Ўзбекистон терма жамоасининг салоҳияти аслида етарли даражада эканлигини исботлади. Оқлар иккинчи бўлимда яккакурашларнинг 56 фоизида ғалаба қозонди ва ҳаводаги дуэлларда ҳам устунлик қилди. Шу билан бирга, иккинчи бўлимда xG (кутилаётган голлар) кўрсаткичини 1.12 гача ошириб, рақиб дарвозаси тўсинини нишонга олди. Агар ўша вазиятларда омад келганида, ўйин камида дуранг билан тугаши ҳеч гап эмасди.
Футболчиларимдан ғурурланаман – Каннаваро
Колумбияга қарши учрашувдан кейин матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди. Мураббийнинг айтишича, жамоа иккинчи бўлимда ўйинни ўзгартира олган ва ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилган.
“Ўйин қизиқарли ўтди. Иккинчи бўлимда биз ўйинни ўзгартиришга эришдик. Чап қанотдан имкониятлар яратдик. Ўйин назоратини ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик. Авваламбор, биз Ўзбекистонни бутун дунёга ижобий намойиш этиш учун бу ерга келдик. Колумбия сингари жамоаларга қарши ўйнаш, тўпсиз ҳаракат қилиш осон эмас. Умуман олганда, иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик, бироқ афсуски гол ўтказиб юбордик”, дейди у.
Каннаваро мазкур баҳсни тарихий ўйин сифатида баҳолар экан, жамоа келгусида хатолар устида ишлашини қайд этди.
“Биз бу стадиондаги ушбу ўйинни эслаб қоламиз. Чунки бу тарихий ўйин. Биз Жаҳон чемпионатидамиз. Бугунги ўйин биз учун яхши бўлди, деб айта оламан. Хатолар бўлди, улар устида ишлаймиз. Футболчиларимдан ғурурланаман. Улар яхши ўйнашди. Бугун қийин ўйин бўлди. Бундай стадионда, мухлислар қаршисида ўйнаш осон эмас. Лекин бу сизга кўпроқ мотивация бериши ҳам мумкин”, дейди Фабио Каннаваро
“Аббос тарих яратди!”
Ўйиннинг 61 дақиқаси – Ўзбекистон тарафи бир гол фарқи билан орқада бориб, ҳужум уюштирди. Элдор Шомуродов Колумбия дарвозаси томон берган зарбасини Камило Варгас тўсишга улгурди, аммо Аббосбек Файзуллаев қайтган тўпни боши билан дарвозага йўналтириб, Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голи муаллифига айланди.
Ушбу бош билан йўлланган зарба орқали ярим ҳимоячи бундан аввал уругвайлик Жоржиан де Арраскаэтага (бўйи 173 см) тегишли бўлган рекордни янгилаб, XXI асрда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида бош билан гол урган энг паст бўйли футболчи сифатида рекорд ўрнатди. У ҳар тарафлама тарихга ўзининг ўчмас номини ёзиб қолдирди.
Бу жараённи бутун дунё бевосита кузатиб борди. Хусусан, Аббосбек Файзуллаевнинг “ЦСКА Москва” клубидаги илк мураббийи Дмитрий Ан футболчи ЖЧ гуруҳ босқичининг 1-турида Колумбияга қарши ўйинда урган голига муносабат билдирди.
“Аббос тарих яратди! Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатларидаги илк голини айнан унинг ургани жуда қувонарли. У тарихга кирди ва бунга ўз ҳиссасини қўшди. Унда доимо голни ҳис қилиш қобилияти бўлган. Ҳатто саралаш ўйинларида ҳам бўйи унчалик баланд бўлмаса-да, бош билан муҳим голлар урарди. Бундай натижа қайд этилганидан жуда мамнунман. Унинг номидан хурсандман”, дейди Дмитрий Ан “Чемпионат” сайтининг мухбири билан суҳбатда.
Бундан ташқари, россиялик таниқли спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев ҳам терма жамоалар ўртасидаги учрашув якунларига муносабат билдирди.
“Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ҳали ўз сўзини айтади! Порла, Тошкент, футбол шарқининг юлдузи!” деб ёзди Губерниев ўзининг Telegram-каналида.
Шунингдек, яна бир россиялик машҳур мураббий Александр Григорян ҳам ўзининг баҳс доирасидаги фикрларини маълум қилди. Унинг айтишича, ўйиннинг иккинчи бўлимида Ўзбекистон терма жамоаси фақат ҳимояланишни эмас, ҳужум қила олишини ҳам кўрсатган.
“Ўзбекистонликлар учрашув охирларида иккинчи голни ҳам уришлари мумкин эди. Фабио Каннаваро номининг сеҳри ишлаяпти ва у қисқа муддатда жамоага ёрдам берди. У футболчиларга ҳимояда ўзига ишонч бағишлади. Ахир у буюк ҳимоячи бўлган, шунинг учун жамоага нима маслаҳат беришни яхши билади. Колумбия терма жамоасига келсак, улар турнир жадвали бўйлаб жуда узоққа бориши мумкин. Бу Жанубий Американинг одатий жамоаларидан эмас. Улар жуда интенсив ва агрессив прессинг қўллайдиган жамоа”, деб айтган Григорян “Матч ТВ” эфирида.
Имконият қолмадими?
Мағлубият – бу ҳаммаси тугади дегани эмас. Мундиални илк ўйинидан енгилиш аламли ва ёқимсиз, аммо у имкониятларнинг йўқлигини англатмайди. Ўзбекистон терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати “К” гуруҳидаги биринчи тур ўйинларидан кейинги ҳолати, гуруҳдаги вазият ва плей-оффга чиқиш учун реал сценарийлар турлича кўринишга эга бўлиши турган гап.
Гуруҳдаги параллел баҳсда Португалия ва Конго ДР 1:1 ҳисобида дуранг ўйнагани турнир жадвалини янада қизиқарли кўринишга келтирди. Ҳозирда Колумбия 3 очко билан пешқадам, Португалия ва Конго ДРда 1 очкодан бор, Ўзбекистон эса очкосиз охирги ўринда. Аммо турнир формати (48 та жамоа, энг яхши 3-ўринлар ҳам чиқади) ўзбекистонликларга ҳали имконият беради. Гуруҳдан чиқиш имкониятларини учта сценарийда кўриб чиқиш мумкин.
Биринчи сценарийда Фабио Каннаваро шогирдлари кейинги икки ўйинда максимал натижа кўрсатишлари керак. Бу номлар ва кутилмалар жиҳатидан имконсиздек туюлса-да, имконият жиҳатидан бир йўлдир. Ахир, футболда нималар бўлмаган, шундай эмасми!?
Иккинчи сценарий эса нисбатан реалроқ бўлиб, бунда турнирдаги 12 та гуруҳдан энг яхши натижа кўрсатган 8 та 3-ўрин эгасидан бири бўлиш ва плей-офга йўлланма олиш мумкин. Ўзбекистон Португалияга ютқазган тақдирда ҳам, сўнгги турда Конго ДР терма жамоасини йирикроқ ҳисобда мағлуб этиши шарт бўлади. 3 очко ва яхши тўплар нисбати деярли 80 фоиз ҳолатда кейинги босқич йўлланмасини кафолатлайди. Конго терма жамоаси жисмоний бақувват жамоа бўлса-да, тактик жиҳатдан Ўзбекистон улардан устунроқ футбол ўйнашга қодир. Мухлислар ҳам энг кўп шу натижадан умидвор.
Учинчи сценарийда эса мўъжизавий математика ишлайди. Бунинг учун гуруҳда дурранглар яна қайд этилиши керак бўлади. Масалан, Колумбия барча рақибларини (Конго ДР ва Португалияни) ютиб, 9 очко билан гуруҳда яққол пешқадам бўлиши мумкин. Ўзбекистон эса Португалия билан дуранг ўйнаб, Конго ДРни ютса, 4 очко билан нафақат 3-ўрин, балки 2-ўринни ҳам илиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Нималарга эътибор бериш керак?
Энди келаси турларда вазият анча жиддийлашади. Биринчи турда очко йўқотган Португалия Ўзбекистонга қарши бор кучи билан ғалаба учун майдонга тушиши турган гап. Агар ўзбекистонликлар дастлабки дақиқаларда Колумбия билан ўйиндаги каби босим остида қолиб кетса ва тезкор гол ўтказиб юборса, вазият янада қийинлашади.
Бундан ташқари Колумбиядан қабул қилинган 1:3 ҳисобидаги мағлубият тўплар нисбатини -2 кўринишига келтириб қўйди. Агар Ўзбекистон МТЖ 3-ўринлар рейтингига тушадиган бўлса, ҳар бир урилган гол ва ўтказиб юборилган тўп жуда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳимоя ва марказдаги индивидуал хатоларни (Колумбия билан ўйиндаги каби) нолга тушириш шарт. Шу билан бирга, минимал имкониятдан максимал фойдаланишга мажбурий.
Сўзнинг сўнггида барча таҳлил, тахмин ва гапларни четга суриб, “Оқ бўрилар” майдонда бор имкониятларини ишга солиши керак бўлади. Жамоанинг кутилган зафарида мухлислар қўллови ҳам энг муҳим ресурслардан бири ҳисобланади. Келгуси гуруҳ баҳсларида ва умуман, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги барча ўйинларида QALAMPIR.UZ жамоаси йигитларга фақат ва фақат омад тилайди.
Live
БарчасиАҚШ ва Эрон меморандум имзолади
18 Июнь