Орадан 1,5 йил ўтди! Боди-камералар бўйича Президент топшириғи қўпол равишда бузилган

Таҳлил

image

Кеча, 3 июль куни “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилингани, унга кўра, ЙПХ ходимларининг боди-камералар билан фаолият олиб бориши 2019 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январга узайтирилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Хўш, нега? Нима учун боди-камера билан таъминлаш муддати яна узайтирилди? Бунга ЙПХ ходимлари тайёр эмасми ё моддий-техник база? Вазирлар Маҳкамаси қарорида 3 июль куни қабул қилинган қарорида 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги Ҳукумат қарорининг ўз вақтида бажарилмаслигига сабаб бўлган омиллар ва ташкилотлар номлари қайд этилди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасига 2019 йил 1 апрелга қадар ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимлари учун мобил видеокамералар ва планшетлар харид қилиш чораларини кўриш топширилган. 

2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати хизмати ходимлари учун мобил видеокамералар ва планшетларни салоҳиятли етказиб берувчиларни ўрганиш, шунингдек, таклиф этилаётган ускуналарнинг техник талаблар ва параметрларга мувофиқлигини синовдан ўтказиш ва қиёсий таҳлил қилиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган ортиқча сансалорлик ва бюрократизм ушбу топшириқнинг ўз муддатида бажарилмаслигига сабаб бўлган.  

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини бажариш муддатлари қўпол равишда бузилганлиги, белгиланган вазифалар бажарилишини ташкил этиш чоралари ўз вақтида кўрилмагани ва назорат ўрнатилмагани учун: 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини бажариш муддатлари бузилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Х.Б.Юсуповга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.М.Эргашевга хайфсан эълон қилинди. 

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини ўз вақтида бажариш бўйича амалий чоралар кўрилмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилиши белгиланди.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатномасида ЙПХ ходимлари боди-камералар билан таъминланиши масаласига тўхталиб, лойиҳа 2018 йилдан амалга оширилишини айтганди. 

“Келгуси йилдан бошлаб ички ишлар органлари йўл-патрул ва пост-патрул хизматларини ўз вазифасини бажариш, айниқса, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берадиган видеокамералар билан таъминлаймиз. Бу тизим соҳадаги мавжуд таъмагирлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини яратади”, деган эди давлат раҳбари. 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Боди-камера

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг