АҚШнинг Техас штатида 11 киши иссиқ оқибатида вафот этди
Олам
−
29 Июнь 2023
3860АҚШнинг Техас штати Уебб округида 11 киши жазирама иссиқ оқибатида келиб чиққан касалликлардан вафот этди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, тўхтовсиз жазирама тўлқини туфайли 90 миллион америкалик огоҳлантирилган.
“Бугун сизнинг олдингизга чуқур қайғу билан келдим. Округимизда сўнгги саккиз кун ичида тўққиз нафар аҳолимизни бу жазирамадан йўқотдик”, дейди округ тиббий экспертиза доктори Корин Стерн жорий йилнинг 27 июнь куни бўлиб ўтган комиссарлар маҳкамаси йиғилишида. Унинг айтишича, вафот этганларнинг ёши 60 дан 80 гачани ташкил этади.
Техасликлар сўнгги ҳафтада иссиқ билан бирга ўта юқори намлик даражасини ҳам бошдан ўтказмоқда. Уебб округи аҳолисидан эса кўпроқ сув ичиш, яқинлар, дўстлар, қўшнилар ҳолидан хабар олиш сўраляпти.
“Бу ерда биз олдин кўрмаган жазирама кузатиляпти. Иссиқ уриши оқибатидаги ўлим бахтсиз ҳодиса сифатида қабул қилинади ва бахтсиз ҳодисалар, таърифига кўра, олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлардир. Бу ўлимларнинг барчасининг олдини олиш мумкин эди. Илтимос, қўшниларингизнинг ҳолидан хабар олинг”, дейди Стерн.
Таъкидланишича, иссиқ об-ҳаво оқибатида вафот этганларнинг сони муҳожирларни ўз ичига олмайди. Бироқ, хабарларга кўра, сўнгги ҳафтада муҳожирлар орасида жазирама билан боғлиқ ўлимлар сони ортган. Шунингдек, Мексика шимолидаги Тамаулипас штатида 21 киши иссиқдан вафот этган.
Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши электр энергияси истеъмоли миқдорининг ҳам ошишига сабаб бўлган. 27 июнь куни Техас аҳолисининг электр истеъмоли рекорд даражага етган.
Маълумотларга кўра, бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Техасга таъсир қилган иссиқлик тўлқини шимолга ва шарққа қараб кенгаймоқда. Келгуси олти кун ичида 150 дан ортиқ иссиқлик рекордлари янгиланиши мумкинлиги айтиляпти. Мемфис шаҳридаги Миллий об-ҳаво хизмати ҳаво ҳарорати 29-30 июнь кунлари 43 дан 46 даражагача етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Кеча, 28 июнь куни 37,7 даражали иссиқ ҳаво оқими Техас шимолидаги Оклахома ва Канзас штатларига, шунингдек, шарқда Арканзас ва Луизианага тарқалган. Метеорология хизмати маълумотларига кўра, Оклаҳома Сити шаҳрида 41 даражали иссиқлик кузатилмоқда. Бу шаҳар учун рекорд ҳисобланади.
Иссиқлик огоҳлантиришлари Колорадо ва Калифорния штатларида ҳам жорий қилинган. Колорадонинг жануби-шарқий қисмида ҳаво ҳарорати ўтган асрнинг 90 йилларида қайд этилган энг юқори чўққига – 37,7 даражагача кўтарилиши маълум қилинган. Калифорнияда эса 43 даражагача жазирама кузатилиши мумкин.
Маълумот учун, АҚШда ҳар йили 600 дан ортиқ одам ҳаддан ташқари иссиқдан ҳалок бўлади. Мутахассислар бундай об-ҳавода кўпроқ суюқлик ичиш, болалар ва уй ҳайвонларини машинада қаровсиз қолдирмаслик, иссиқ ўтиб кетишини салқин ва пана жойда кутишни тавсия қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистонда рекорд даражада иссиқ кузатилаётгани, Ҳиндистонда эса аномал иссиқ оқибатида 166 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Москвада иссиқ туфайли хавфнинг “оловранг” даражаси эълон қилинганди.