АҚШнинг махсус вакили Сержио Гор Тошкентга келди
Жамият
−
26 Октябрь 7410 2 дақиқа
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау кеча, 25 октябрь куни Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Билдирилишича, ташрифдан мақсад муҳим минераллар ва энергетика соҳасидаги савдо-сотиқ ҳамда сармоялар, шунингдек, C5+1 минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдир.
Сержио Гор ва Кристофер Ландау кеча, 25 октябрь куни АҚШ компаниялари билан ўзаро фаровонликни юксалтиришнинг кўплаб имкониятлари ҳақида самарали суҳбатлашган.

Бугун, 26 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамроҳлик қилган.

Маълумот учун, Сержио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкентда туғилган ва кейинчалик АҚШда таълим олган. У сиёсий фаолиятини республикачилар партияси доирасида олиб борган, Дональд Трамп жамоасида турли лавозимларда ишлаган ва унинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида танилган. Гор Оқ уйда Президент Кадрлар бошқармаси директори сифатида фаолият юритган, шунингдек, сиёсий кампанияларда ҳам фаол қатнашган. 2025 йил 22 август куни Дональд Трамп уни Ҳиндистондаги элчи лавозимига номзод қилиб кўрсатган. Ҳозирда у Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилганди.