АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасига иккинчи марта ҳужум қилинди
Олам
−
14 Март 2020
8108Бугун, 14 март куни АҚШнинг Ироқдаги Тажи ҳарбий базасига ракета ҳужуми уюштирилди. Ҳужум натижасида Ироқ ҳаво кучларининг 3 ҳарбийси жароҳатланди.
Ироқ қўшма операцион қўмондонлиги маълум қилишича, АҚШ бошчилигидаги коалиция қўшинлари жойлашган Тажи базасига 33 та Катюша синфидаги ракета отилган. Ҳарбийлар айбдорларни ҳибсга олишларини айтишди. Ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Аввалроқ, жорий йилнинг 11 март куни айни ҳарбий базага ракета ҳужуми бўлган эди. Ҳужум натижасида икки нафар америкалик ҳарбий ва бир нафар британиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳужумларда АҚШ Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ироқнинг шиа ҳарбий гуруҳлари ва Ҳизбуллоҳ ҳаракатини айблади.
Бунга жавобан расмий Вашингтон Ироқдаги ҳарбий гуруҳларнинг нишонларига ҳаво зарбалари берди. Оқибатда олти нафар ироқлик ҳалок бўлди.
Бугун Ироқ ҳарбийлари парламентдан АҚШ ва бошқа хорижий кучларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги резолюцияни қабул қилишни сўради. Бунга сабаб қилиб АҚШ охирги ҳужумини Ироқ ҳукумати рухсатисиз амалга оширгани кўрсатилмоқда.
Кеча, 13 март куни Ироқ АҚШнинг авиазарбаларини қоралаб, уни мамлакат суверенитетини бузгани ва мунтазам Ироқ қуролли кучларига тажовуз қилишда айблади.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, сўнгги вақтлардаги АҚШ ва Эрон муносабатидаги кескинлик фақат Ироқ ҳудудида рўй беряпти. Хусусан, жорий йилнинг 3 январь куни Эрон Ислом инқилоби посбонлари ҳарбий корпуси генерали Қосим Сулаймонийга АҚШ томонидан қилинга ҳужум, шунингдек, Эроннинг бунга жавобан АҚШ ҳарбий базаларига берган зарбалари Ироқ ҳудудида бўлиб ўтган эди.