АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базаси ҳужумга учради. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 28 январь куни АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига учувчисиз самолёт ҳужуми уюштирилди ва оқибатда уч америкалик аскар ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлигига таяниб, CNN телеканали хабар берди.

Маълумотларга кўра, Иордания шимоли-шарқида, Сурия билан чегара яқинида жойлашган Америка базасига уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг камида 34 нафар аскар жароҳат олган. Яраланган ҳарбийларнинг бир қисми базадан эвакуация қилинган. Шунингдек, жабрланганлар сонининг кўплиги дроннинг казармадан унча узоқ бўлмаган жойда урилгани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байден ҳужум учун "Эрон томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар" жавобгар эканини айтди.

“Биз бу ҳужумга оид фактларни ҳалигача тўплаётган бўлсак-да, буни Сурия ва Ироқда фаолият юритаётган Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган радикал жангари гуруҳлар амалга оширганини биламиз”, дейди у.

Эрон эса АҚШ аскарларига қарши ҳужумларга алоқадорлигини рад этди.

“Эроннинг бу ҳужумларга алоқаси йўқ. Бу можаро АҚШ ва минтақадаги қаршилик гуруҳлари ўртасида”, дейилади Эроннинг БМТдаги ваколатхонаси баёнотида.

CNN хабарига кўра, Ироқдаги қаршилик ҳаракати Иордания ва Сурия чегарасидаги АҚШ позицияларига учувчисиз самолётлар ёрдамида ҳужум қилганини маълум қилган. Зарбалар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига жавоб сифатида тушунтирилмоқда.

Қайси базага ҳужум қилингани аниқ эмас. АҚШ армиясининг таъкидлашича, гап Иордания шимоли-шарқидаги кучларнинг жойлашуви ҳақида кетмоқда. Бироқ, Иордания ҳукумати, аслида ҳужум Сурия томонидаги чегарада жойлашган АҚШ ҳарбий базасига қаратилганини айтди. Вашингтон ҳужумга жавоб беришга ваъда берди.

Қайд этиш жоизки, АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базалари охирги ойларда тез-тез ҳужумга учрамоқда. Ироқдаги қаршилик ҳаракати буни АҚШнинг ҲАМАС билан урушда Исроилни қўллаб-қувватлаётганига жавоб сифатида тушунтиради. Январь ойи ўрталарида Пентагон 17 октябрдан бери Ироқ ва Суриядаги Америка базаларига 130 марта ҳужум қилингани ҳақида хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Иордания Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг