АҚШга душманлик Россия, Эрон ва Хитойни бирлаштиряпти – “Politico”

Олам

image

Вашингтон маъмуриятининг сўнгги бир йил ичида қилган ҳаракатлари Россия, Эрон ва Хитойни яқинроқ ҳамкорлик қилишга ундади. Бу ҳақда кеча, 19 март куни “Politico” газетасида чоп этилган мақолада гап боради.

“Сўнгги бир йил ичида Қўшма Штатлар Россияга қарши кенг қамровли санкциялар киритди ва шу билан бирга Хитойга қарши ўта жанговар позицияни эгаллади. Бу ёндашув қатъий экспорт назоратидан тортиб, Тайванни очиқ қўллаб-қувватлаш ва TikTok’ни тақиқлаш имкониятигача бўлган сиёсатларда ифодаланади. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти, Эронга нисбатан статус-квони сақлаб қолишни ўз ичига олган сиёсатни давом эттирди. Эрон ядровий келишувини тиклашга уринишлар муваффақиятсизликка учради”, дейилади мақолада.

Шу нуқтаи назардан, ҳар учала давлат ҳам турли даражада АҚШ жорий этган санкция режимлари таъсирида қолган ва ўзаро янада яқинроқ ҳамкорлик қила бошлаган. Хусусан, Эрон Хитой ва Россия бошчилигидаги хавфсизлик масалалари форуми ҳисобланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлишнинг сўнгги босқичида. Шунингдек, Хитой Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида келишувга эришишга ёрдам берган.

Манбага кўра, ХХР раиси Си Цзиньпиннинг бугун, 20 март куни бошланадиган Москвага ташрифи Россия ва Хитой ҳамкорлиги қанчалик мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида месеж беради. Москва, Пекин ва Теҳрон ўтган йилдан муҳим сабоқ чиқарган. Улар ўртасида даги ҳар қандай ўзаро муаммолар, ҳар бирининг Қўшма Штатлар билан кескинлиги олдида ҳеч нарса эмас. 

Таъкидланишича, АҚШда мазкур давлатларга қарши туришнинг иккита варианти бор. Улардан биринчиси, яқин келажакда ушбу давлатлар гуруҳига қарши қаратилган сиёсатни давом эттиришдир. Бу ҳолатда, Вашингтон учун уларга қарши турадиган коалиция йиғиш қийин бўлади. Масалан, Ҳиндистон Хитойга қарши бориши мумкин, аммо тарихий алоқалар туфайли Россияга қаршилик кўрсатиши қийин бўлади. Иккинчи йўл эса АҚШнинг бу давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлардан фойдаланиб, уларни бўлиб ташлашга уринишидир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15-19 март кунлари Хитой, Эрон ва Россия Уммон кўрфазида қўшма ҳарбий-денгиз машқларини ўтказган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Эрон Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг