АҚШда торнадо уйларни ер билан яксон қилди (видео)
Олам
−
07 Май 3202 2 дақиқа
Кеча, 6 май куни Американинг Миссисипи штатида юз берган кучли торнадо юзлаб уйларни вайрон қилди, дарахтларни илдизи билан қўпориб, электр узатиш тармоқларини узиб юборди. Бу ҳақда маҳаллий WAPT-TV телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, Линкольн округидаги кичик Бога-Читто жамоаси айниқса қаттиқ жабр кўрган, у ерда торнадо трейлерлар паркидаги мобил уйларни сочиб юборган.
Маҳаллий яшовчи Макс Махаффи журналистларга берган интервьюсида баланд гулдурос овозни эшитгани ва нима шовқин қилаётганини кўриш учун ташқарига чиққанини айтган.
“Хонамга қайтганимда эса, хонанинг ўзи йўқ эди”, дейди у.
Эркакнинг ўзи жабрланмаган, бироқ унинг бувиси тўпиғидан жароҳат олган, баъзи қўшнилари эса енгил жароҳатлар ва кўкаришлар билан қутулиб қолган.
Миллий метеорология хизмати “жуда катта ва хавфли торнадо” Линкольн округининг шарқий қисмидан Лоренс округи томон ҳаракатланганини тасдиқлаган. Миссисипи губернатори Тейт Ривз штатнинг марказий ва ғарбий қисмларида бир нечта торнадо юз берганини маълум қилган.
“Миссисипи учун дуо қилинг”, дейди у.
Линкольн округи расмийлари жиддий зарар ва бир неча киши жароҳатланганини маълум қилган. Шунингдек, улар маҳаллий аҳолини “вайроналарни томоша қилиш мақсадида саёҳат қилишдан” тийилишга чақирган, чунки йиқилган дарахтлар туфайли йўллар фавқулодда хизматлар томонидан ёпиб қўйилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, 3 майдан 9 майгача Миссисипида “Довулларга тайёргарлик ҳафтаси” эълон қилинган эди. Штатда асосий довуллар мавсуми июнь ойидан бошланиб, кузнинг охиригача давом этади.
Миссисипи АҚШнинг жануби-шарқидаги торнадо хавфи юқори бўлган “Дикси хиёбони” деб аталувчи минтақага киради. Штатда бир йилда ўртача 30 дан 35 гача торнадо қайд этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Оклахома штатида кучли торнадо юз бериб, Энид шаҳрини деярли бутунлай вайрон қилгани ҳақида хабар берилган эди.