АҚШда “шатдаун” сабаб минглаб рейслар бекор қилинмоқда
Олам
−
06 Ноябрь 3316 2 дақиқа
АҚШ Транспорт вазирлиги ҳукумат ишининг рекорд даражада узоқ вақт тўхтаб қолиши (“шатдаун”) туфайли мамлакатдаги 40 та йирик аэропортда рейслар сонини 10 фоизга қисқартиради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Рейслар сонининг қисқариши авиадиспетчерлик тизимидаги муаммолар билан боғлиқ бўлиб, улар “шатдаун” сабабли юзага келган. “Reuters”нинг ёзишича, 13 минг нафар авиадиспетчер ва 50 минг транспорт хавфсизлиги ходимларининг аксарияти иш ҳақисиз ишламоқда.
“Cirium” авиация таҳлил хизматининг маълумотларига кўра, чекловлар Нью-Йорк, Вашингтон, Чикаго, Атланта, Лос-Анжелес ва Далласни ўз ичига олган 30 та энг банд аэропортга таъсир қилади. Тахминан 1,8 минг рейс ва 268 мингдан ортиқ йўловчи ўрни қисқартирилади.
АҚШ Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) қисқартиришлар босқичма-босқич жорий этилишини, дастлаб 4-5 фоиз, кейин 6 ва 10 фоизгача камайтириш режалаштирилаётганини маълум қилган. Халқаро рейслар бу режага киритилмаган.
United Airlines, American Airlines ва Southwest компаниялари мижозларга таъсирни камайтиришга уринаётганини билдирган. Масалан, United Airlines мослашувчан қайтариш имкониятларини таклиф қилмоқда, Southwest эса “шатдаун”ни иложи борича тезроқ якунлашга чақирган.
Борт кузатувчилар ассоциацияси (AFA-CWA) бу инқирозни “барча америкаликларга нисбатан шафқатсиз ҳужум” деб атаган.
АҚШ ҳукумати ишининг тўхтаб қолишига сабаб демократлар ва республикачилар ўртасида Obamacare дастури доирасидаги субсидияларни сақлаб қолиш ва Medicaid соғлиқни сақлаш дастурини молиялаштиришни қисқартириш масаласида келишмовчилик юзага келгани ҳисобланади. “Reuters”нинг ёзишича, Трамп маъмурияти демократларга босим ўтказиб, авиация тизимидаги кенг кўламли узилишлар хавфини эслатиб, уларни ҳукумат ишини тиклаш учун овоз беришга мажбурламоқда. Демократлар эса, аксинча, муаммонинг сабабчиси республикачилар эканини айтмоқда.
“Шатдаун” оқибатида кўплаб давлат идоралари фаолияти тўхтаган, 750 минг федерал ходим мажбурий таътилга чиқарилган, 2,1 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган.
АҚШда “шатдаун” жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 0:01 да бошланган бўлиб, ҳозиргача бир ойдан ортиқ давом этмоқда. Аввалги рекорд Дональд Трампнинг илк президентлиги даврида – 2018 йилда ҳукумат 34 кун ишламаган пайтда қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Демократ губернаторлар ва АҚШнинг 25 та штати бош прокурори мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмуриятига қарши судга мурожаат қилганди. Улар миллионлаб америкаликларга озиқ-овқат ёрдамини давом эттириш учун фавқулодда маблағлардан фойдаланиш йўли билан дастур молиялаштирилишини тиклашни талаб қилган.
Live
Барчаси