АҚШда полициячи ўйинчоқ тўппонча олиб юрган 13 ёшли болани отиб ташлади (видео)
Олам
−
01 Июль
18313Жорий йилнинг 27 июнь куни АҚШда 13 ёшли бола полициячи томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “CNN” хабар берди.
Нашрда келтирилган полиция маълумотларига кўра, ҳолат ўша куни Манхэттендан 400 километр шимоли-ғарбда жойлашган Утика шаҳрида полиция ходимлари икки нафар болани қурол олиб юришда гумон қилиб тўхтатганидан сўнг содир бўлган. Ҳар иккала бола ҳам тахминан 13 ёшлар арафасида бўлган. Улардан бири йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Полиция ходимлари боланинг қўлидаги нарса тўппонча эканлигига ишонишган. Бироқ, кейинчалик, у Glock 17 Gen5 тўппончасининг нусхаси эканлиги маълум бўлган.
Утика полициясининг бошлиғи Марк Уильямснинг сўзларига кўра, офицерлардан бири ўсмирга қарата ўқ отган, оқибатда бола кўкрагидан ўқ еган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.
Полиция бўлими 65 минг аҳолиси бўлган Утика шаҳридаги отишма оммавий норозилик келтириб чиқарганидан сўнг, камера ёзувларини эълон қилди. Полиция қуролининг қурбонига айланган ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси Няҳ Мвей Мьянмада туғилган қочқин ва Карен этник озчилиги аъзоси эканлиги аниқланган. Қочқинларни жойлаштиришга ёрдам берадиган The Center нотижорат ташкилоти берган маълумотларга кўра, бу ерда Мьянмадан келган 4200 дан ортиқ одам истиқомат қилади.
Қуролдан ўқ узган полициячи зобит Патрик Ҳуснай эканлиги маълум бўлган. Ҳуснай ва офицерлар Брюс Паттерсон ҳамда Эндрю Ситринити маъмурий таътилга чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжонда жиноятчи 3 нафар полициячи ва бир фуқарони отиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси