АҚШда парвоз вақтида самолёт двигатели ёниб кетди

Олам

image

Бугун, 11 январь куни АҚШнинг Жоржия штатидаги Ҳартсфилд-Жексон Атланта халқаро аэропортида Delta Air Lines авиакомпаниясига тегишли бўлган Boeing 757 самолёти двигатели ёниб кетди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Нашрга кўра, самолёт бортида 200 дан ортиқ йўловчи бўлган. Аэропорт матбуот хизмати ҳодиса оқибатида тўрт киши енгил тан жароҳати олганини маълум қилган. Улардан бири шифохонага ётқизилган.

“Delta Air Lines авиакомпаниясининг бортида 200 дан ортиқ йўловчиси бўлган самолёти Атлантадаги (Жоржия штати) Ҳартсфилд-Жексон аэропортининг қор билан қопланган учиш-қўниш йўлагига эвакуация қилинди”, дейилади хабарда. 

Авиакомпания ва аэропорт вакиллари ҳодиса сабабларини изоҳламаган. Йўловчи Кертис Жеймснинг сўзларига кўра, самолёт ҳавога кўтарилаётганда нимадир нотўғри кетган ва двигатель ёниб кетган.

Охирги кунларда ҳалокатга учраган самолётлар

29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди.  Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.

Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.

Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.

Бундан ташқари, ўша куни KLM Royal Dutch Airlines  авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.

30 декабрь куни эса Германиянинг Штутгарт шаҳрида тўрт ўриндиқли Cessna C-172 самолётининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди. Учувчи енгил тан жароҳати олган, 70 ёшли йўловчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.


Мақола муаллифи

Теглар

самолёт Ҳартсфилд-Жексон Атланта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг