99 ёшли онахон самолёт қанотида учиб, жаҳон рекордини ўрнатди (видео)

Олам

−

image

Буюк британиялик 99 ёшли Хельга Даффи самолёт қанотида учиш бўйича дунёдаги энг кекса аёлга айланиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Хельга Даффи Уилтшир графлигидаги Девизес шаҳридаги қариялар уйида яшайди. У 97 ёшли Бетти Бромейжнинг самолёт қанотида учгани ҳақидаги хабарни кўриб, ўзи ҳам бу синовни амалга оширишга қарор қилган.

Даффи Глостершир графлигининг Сиренсестер шаҳридаги RFC Rendcomb аэродромида парвоз қилган. У кичик самолёт қанотининг устига махсус мосламалар ёрдамида маҳкамланган ҳолда учган. Парвоз давомида у ерда турган одамларга қўл силкиб турган.

“Қўрқмадим, чунки жуда ҳаяжонда эдим”, деган Хельга парвоз таассуротлари ҳақида.

У қанотда учиш ҳиссини “ўзгача” деб таърифлаган.

Хельга етти фарзандли оиланинг тўнғич фарзанди бўлган. Унинг айтишича, отаси бу ютуғидан фахрланган бўларди.

“У биздан доим энг яхшисини кутарди. Шунинг учун мен ҳамиша шунга интилганман. Агар у ҳозир қаердадир бўлса, тўнғич фарзанди билан жуда фахрланган бўларди, деб ўйлайман”, дейди у.

Парвоз якунида Хельгага Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари томонидан расмий сертификат топширилган. У ушбу парвоз орқали Wiltshire and Bath Air Ambulance хайрия ташкилоти учун ҳам маблағ йиғган. Ташкилот вакили Сэм Конвейнинг маълум қилишича, Хельга 1 300 фунт стерлингдан ортиқ маблағ тўплашга муваффақ бўлган.

Хельганинг парвозини томоша қилган жиянлари Жеки Роуз ва Жули Прис уни мустақил ва қатъиятли аёл сифатида таърифлаган. Уларнинг айтишича, Хельга узоқ вақтдан бери ноодатий иш қилишни истаган ва ёши 99 да бўлса ҳам, аввалгидек фаол эканини кўрсатмоқчи бўлган.

Хельга рекордини янгилаган 97 ёшли Бетти Бромейж ҳам уни табриклади. Бироқ у 100 ёшга тўлгач, яна самолёт қанотида учиб, рекордни қайтариб олишга умид қилаётганини ҳазил билан айтди. Бетти бунгача олти марта қанотда парвоз қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ канадалик 61 ёшли Донна Жин Вилде қорин мушакларини чиниқтириш машқи – планкани 5 соат давомида бажариб, аёллар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг