Дунёда қуролли можаролар ҳудудида яшаётган болалар сони рекорд даражага етди
Олам
−
12:01 192 3 дақиқа
2025 йилда дунё бўйлаб 589 миллион нафар бола қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларда яшаган. Бу 1990 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, 1990 йиллар ўртасидаги рақамдан икки баравардан ҳам кўп. Бу ҳақда DW хабар берди.
Ташкилотнинг “Болаларга қарши урушни тўхтатинг” (Stop the War on Children) ҳисоботида келтирилишича, Африка ва Яқин Шарқдаги ҳар беш боладан иккитаси 2025 йилда қуролли можаролар ҳудудида яшаган. Дунёдаги можаро ҳудудларида истиқомат қилувчи болаларнинг 44 фоизи Африка ҳиссасига тўғри келган.
Яқин Шарқда ҳам вазият кескинлашган. 2024 йилда минтақада можаро ҳудудларида яшовчи болалар сони 52 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 29 фоизга ошиб, 67 миллион нафарга етган. Африкада эса можаролар таъсирида қолган болалар улуши 2010 йилдаги 12 фоиздан 2025 йилда 39 фоизга кўтарилган.
Ҳисоботда қуролли можаролар давомида болаларга нисбатан содир этилаётган оғир ҳуқуқбузарликлар ҳам таҳлил қилинган. Хусусан, 2025 йилда БМТ томонидан болаларга гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 8 322 та ҳолат тасдиқланган. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан 16 баравар кўп. Ушбу ҳолатларнинг 5 946 таси, яъни 70 фоиздан ортиғи Фаластин ҳудудларида қайд этилган.
Шунингдек, 2025 йилда болаларга нисбатан жами 38 967 та оғир ҳуқуқбузарлик ҳолати тасдиқланган. Бу БМТнинг мониторинг тизими ишга туширилганидан буён қайд этилган иккинчи энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Энг юқори натижа 2024 йилда – 41 763 та ҳолат бўлган.
Қайд этилишича, 2025 йилда қуролли можаролар оқибатида 14 224 нафар бола ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Шунингдек, болаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар рекорд даражага – 5 128 тага етган. Болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг 1 787 та ҳолати қайд этилган. Бу сўнгги ўн йилдаги кўрсаткичдан 71 фоизга кўп.
Мактаблар ва шифохоналарга ҳужумлар сони ҳам кетма-кет бешинчи йил ўсган. 2025 йилда бундай 2 930 та ҳолат қайд этилган. Ҳужумларнинг энг кўпи Фаластин ҳудудларида – 837 та, Украинада эса 643 та бўлган. Бу икки ҳудуддаги ҳужумлар жаҳон бўйича қайд этилган барча ҳолатларнинг ярмидан кўпини ташкил қилган.
Жинсий зўравонлик ҳолатлари Конго Демократик Республикаси ва Суданда ҳам кескин кўпайган. Конгода бундай ҳолатлар 2024 йилдаги 358 тадан 2025 йилда 592 тага, Суданда эса 74 тадан 193 тага етган. Умумий ҳолатларнинг қарийб 86 фоизи Африкадаги қуролли можаро ҳудудларида қайд этилган.
Save the Children ташкилоти болаларнинг қуролли можаролардан азият чекиши бугунги куннинг энг долзарб сиёсий муаммоларидан бири эканини таъкидлаган. Ташкилот халқаро ҳамжамиятни болалар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишга ва уларни уруш оқибатларидан ҳимоя қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бўйича маълумотларга кўра, дунёда қарийб 138 миллион бола меҳнат қилишга мажбур бўлиб, улардан 54 миллиони ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган шароитда ишлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси