61 ёшли онахон 5 соат планкада туриб, жаҳон рекордини ўрнатди

Олам

−

image

Канадалик 61 ёшли Донна Жин Вилде қорин мушакларини чиниқтириш машқи – планкани 5 соат давомида бажариб, аёллар ўртасида жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда KSL нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Вилде рекордни АҚШнинг Юта штати Сент-Жорж шаҳрида ўтказилаётган Huntsman World Senior Games мусобақасида янгилаган. У бундан олти ой аввал мусобақа ташкилотчиларига ўзининг аввалги 4 соат 30 дақиқа 11 сониялик рекордини янгилаш ниятида эканини билдирган.

Мусобақа бош директори Кайл Кейснинг айтишича, аёлнинг чиқиши томошабинларда катта таассурот қолдирган. Вилде беш соатлик маррага етган пайтда олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, 4 миллиондан ортиқ марта кўрилган.

Мусобақада яна бир эътиборга молик натижа қайд этилган. Юта штатида яшовчи 100 ёшли Алта Пиэрсон илк бор енгил атлетика мусобақасида қатнашиб, 50 метрга югуриш баҳсида Huntsman World Senior Games рекордини ўрнатган.

Маълумот учун, 50 ёш ва ундан катталар иштирок этадиган Huntsman World Senior Games мусобақаси 5–17 октябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шотландиялик 78 ёшли Кэт Боуи оммабоп Fortnite онлайн ўйинининг дунёдаги энг кекса стримери сифатида расман тан олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг