АҚШда намойишчилар Ғазога ҳужумни тўхтатишни талаб қилиб, Конгресс биносига кирди

Олам

image

АҚШда намойишчилар Капитолий тепалигидаги мамлакат Конгрессининг энг қадимий офиси бўлган Cannon House биносига бостириб кирди. Бу ҳақда “Axios” нашри хабар берди.

Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, бир гуруҳ намойишчилар Конгресснинг бошқа бинолари каби намойишлар ўтказиш тақиқланган Cannon House'да митинг ўтказган.

Полиция Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётганларни намойишни тўхтатиш учун огоҳлантирган. Бу талабга риоя қилмаганлар ҳибсга олинмоқда.

Полиция маълумотларига кўра, камида уч намойишчи зобитларга ҳужум қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 3,3 минг киши ҳалок бўлган, 13 минг киши жароҳатланган.  Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,4 минг кишини ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Капитолий Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг