АҚШда 12 минг йил олдин йўқолиб кетган бўрилар қайта “тирилтирилди”

Бу қизиқ

image

АҚШда 12 минг йилдан ортиқ вақт аввал йўқ бўлиб кетган бўрилар “тирилтирилди”. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Американинг Colossal Biosciences биотехнологик компанияси “даҳшатли бўрилар” (dire wolves/Aenocyon dirus) деб аталувчи йўқ бўлиб кетган турнинг нусхасини қайта жонлантирди.

Бунинг учун олимлар 72 минг йиллик бош суяги ва 13 минг йиллик тишдан олинган “даҳшатли бўри” турига оид генларни замонавий кулранг бўрининг тухум ҳужайралари билан аралаштириб, уларни йирик зотли итларга – суррогат оналарга жойлаштирган. Геном таҳририда 20 та ўзгариш амалга оширилган, бунда “даҳшатли бўри”га хос хусусиятлар – йирик тана, кучли мускуллар ва оқ жун асосий эътиборда бўлган.

Натижада 2024 йил октябрь ойида учта бўри боласи туғилган ва уларга Ромул, Рем ва “Тахтлар ўйини” қаҳрамонига ишора сифатида Кхалиси деб исм қўйилган. Бўрилар АҚШнинг махфий ҳудудида яшамоқда ва мол, буғу ҳамда от гўшти аралашмаси, шунингдек, махсус ем билан озиқланмоқда. Улар ҳозирги энг йирик тирик қариндоши – кулранг бўридан тахминан 20-25 фоиз каттароқ, вояга етгач эса уларнинг ҳар бири 63,5 килограммга етиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу компания 2028 йилда мамонт ДНКси ва Осиё фили ҳужайраларидан фойдаланган ҳолда жунли мамонтни жонлантиришни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Мамонтни абадий музлик шароитида сақланиб қолган мамонт боласининг ДНКси асосида суррогат она фил туғиши керак бўлади. Лойиҳа учун ҳозиргача 435 миллион доллар маблағ жалб қилинган. Шу билан бирга, лойиҳа қиймати 10,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ бўри бўрилар биотехнологик компания dire wolves

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг