АҚШ яна Украина учун “киссасини бўшатди”
Олам
−
08 Июль 2023
7440АҚШ Украинага яна 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатларнинг янги ёрдам пакети танкка қарши ракеталар, зирҳли транспорт воситалари ҳамда снарядларни ўз ичига олади.
“Жасоратли ҳимоячилар Россия агрессиясига қаршилик кўрсатишда давом этмоқда, айни пайтда мамлакат бўйлаб тинч аҳоли учувчисиз самолётлар ва ракеталар нишонига айланмоқда. Уларнинг ўлмас жасорати бутун дунёни руҳлантиради ҳамда инқироз даврида Украинага ёрдам бериш ҳаракатларини кучайтиради”, дейди Блинкен ёрдам пакетини эълон қилар экан.
У ёрдам пакети доирасида Киевга такомиллаштирилган DPICM – икки мақсадли анъанавий ўқ-дорилар (кассетали ўқ-дорилар назарда тутилган – таҳр.) берилишини тасдиқлаган ва буни Украинага аввал етказиб берилмаган “юқори самарали ва ишончли артиллерия қуроллари” деб таърифлаган.
Вашингтон, шунингдек, Киевга қўшимча аниқ бошқариладиган ҳаво-десант ўқ-дорилари, бир нечта ракета снарядлари, 155 миллиметр калибрли гаубицалар, артиллерия снарядлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар, танкка қарши ракеталар, Bradley ва Stryker зирҳли техникаларини юборади.
Маълумот учун, бу Россия Украинага бостириб кирганидан буён АҚШ Президентининг ташаббуси билан Мудофаа вазирлигининг стратегик захираларидан ажратилаётган 42-ёрдам ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Украина учун кассетали ўқ-дориларни етказиб беришга рози бўлганди.
LiveБарчаси