АҚШ яқин орада ядровий синовлар ўтказади – Трамп
Олам
−
15 Ноябрь 1275 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШда яқин орада ядровий синовларни қайта бошлаш ниятини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 14 ноябрь куни Флоридага йўл олаётганида Air Force One бортида журналистлар билан бўлган суҳбатда сўз очди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ядровий синовлар ўтказади, чунки бошқа давлатлар ҳам бундай синовлар ўтказмоқда. “Reuters” агентлиги қайд этишича, Оқ уй раҳбари синовлар ядровий каллакларни портлатишни ўз ичига оладими-йўқми, аниқлаштирмаган.
ОАВ вакилларининг “АҚШ ядровий синовларни қачон ўтказади?” деган саволига Трамп: “Яқин орада”, деб жавоб берган. Шу билан бирга, республикачи у ядровий қуролдан озод бўлиш (денуклеаризация) масаласида Россия ва Хитой билан учрашув ўтказишни исташини таъкидлаб, ядровий қуролсизланишни бундай қуроллар устидан назорат соҳасидаги энг яхши ечим деб атаган. Трампнинг айтишича, Россия ва Хитой тўрт–беш йил ичида ядровий арсенал бўйича Қўшма Штатларга етиб олиши мумкин.
Дональд Трамп ядровий синовларни АҚШда қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги қарорини 29 октябрь куни эълон қилган, аммо маъмурият ҳанузгача гап ядровий зарядларни портлатиш ҳақида кетяптими-йўқми, аниқ тушунтирмаган.
“Россия синовлар ўтказмоқда, Хитой синовлар ўтказмоқда, лекин улар бу ҳақда гапирмайди. Мен синов ўтказмайдиган ягона давлат бўлишни истамайман”, деган эди АҚШ Президенти ноябрь бошида CBS News телеканалидаги “60 Minutes” дастурида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Уруш вазири Пит Ҳегсет Ғарбий яримшарда наркотеррористларга қарши “Southern Spear” (Жанубий найза) номли ҳарбий операция бошланганини эълон қилганди.
Live
Барчаси