АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқ – Блинкен
Жамият
−
13 Декабрь 2022
8793АҚШ Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқ. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтонда бўлиб турган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашувда сўз очди.
Аввал хабар берганимиздек, кеча, 12 декабрь куни Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга жўнаб кетди. Шу куннинг ўзида Норов Давлат котиби Блинкен билан музокара ўтказди.
Учрашувда Блинкен Норовни АҚШда кўриб турганидан мамнунлигини билдирар экан, 13 декабрь куни стратегик ҳамкорлик бўйича ўтказиладиган мулоқот икки томон учун биргаликда дуч келаётган кўплаб муаммолар ҳақида эслатмаларни солиштириш учун жуда яхши ва муҳим имконият бўлишини таъкидлаган.
“Мен, ҳар доимгидек, АҚШнинг Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор таъкидлайман”, деган Блинкен.
У, шунингдек, Ўзбекистонни Қирғизистон билан чегарани демаркация қилиш бўйича келишувга эришгани учун олқишлаган.
“Ўйлайманки, бу минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчилик учун ушбу муаммоларни ҳал қилишда дипломатия имкониятлари муҳимлиги ҳақида кучли сигнал беради. Шунингдек, ислоҳотлар, жумладан, диний эркинлик, мажбурий меҳнат бўйича олиб борилаётган ишни ҳам қадрлайман”, деган Блинкен.
Давлат котиби Норов билан мулоқот қиладиган мавзулари орасида Афғонистон масаласи ҳам борлигини урғулаган.
Ўз навбатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Давлат департаментида Ўзбекистон делегациясини самимий қабул қилгани учун котиб Блинкенга миннатдорлик билдирган. Бу йил Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик ҳамкорликнинг 20 йиллиги нишонланаётганини қистириб ўтган.
“Ўтган йиллар давомида ҳамкорлигимиз C5+1 доирасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича сезиларли даражада ривожланди. Биз Қўшма Штатлар маъмуриятининг Ўзбекистон Президентининг самарали бошқарувни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар кун тартибини қўллаб-қувватлаб келаётганини қадрлаймиз”, дейди Норов.
LiveБарчаси