АҚШ украиналик учувчиларга F-16’да машқ қилишга рухсат бермаяпти – NYT
Олам
−
18 Май 2023
3901АҚШ расмийлари Европада украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётлари билан ўқитишга рухсат бермаяпти. Бу ҳақда Украинанинг юқори мартабали мулозимларидан бирига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Айтилишича, Буюк Британия ва Нидерландия ҳукумат раҳбарлари Киев ҳарбий ёрдам сифатида сўраган замонавий қирувчи самолётларни харид қилиш бўйича халқаро коалиция тузилганини эълон қилган. Бироқ F-16 самолётларини етказиб бериш учун АҚШ рухсати керак бўлади. Худди шундай, F-16 қирувчи самолётларида машғулот ўтказиш учун ҳам Вашингтоннинг ижозати талаб қилинади. АҚШнинг Европадаги ҳамкорларига эса украиналик учувчиларни фақат техник тил билан таништиришга ва тактика дарсларини ўтказишга рухсат берилган. Самолётларда синов парвозларини ўтказиш эса мумкин эмас.
Байден маъмурияти расмийсининг айтишича, Вашингтон ҳали ҳам Киевга ўз қирувчиларини жўнатиш ниятида эмас, чунки бу жуда қиммат ва кўп вақт талаб этади. Қўшма Штатлар асосий эътиборни бошқа қурол-яроғларни етказиб беришга қаратмоқчи, бироқ амалдор охир-оқибат Европадаги иттифоқчиларга F-16 самолётларини Украинага қайта экспорт қилиш учун лицензия берилишини истисно этмайди.
Маълумот учун, Нидерландия, Дания ва Бельгия Киев билан ўз қирувчиларини баҳам кўриш истагини аллақачон билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, бу давлатлар камида 125 та F-16 самолётларини етказиб бера олади. Норвегия ҳам ўзининг фойдаланишдан чиқарилган қирувчиларини топширишга тайёр. Украина ҳукумати Россия билан ҳавода тўқнашиш учун 180 га яқин замонавий қирувчи кераклигини таъкидлаган, аммо ҳозирда Киев 24-36 та самолёт сўрамоқда.
LiveБарчаси