АҚШ Украинага ваъда қилинган 20 мингта ракетани Яқин Шарққа жўнатди – Зеленский
Олам
−
09 Июнь 8232 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ томонидан Украинага ваъда қилинган 20 мингта ракета Яқин Шарққа йўналтирганини маълум қилди. Бу ҳақда у ABC News телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Зеленскийнинг айтишича, Украина томони ўз вақтида АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Ллойд Остин билан алоҳида лойиҳа бўйича келишган. Ушбу лойиҳа АҚШнинг аввалги маъмурияти даврида – собиқ президент Жо Байден раислигида бошланган бўлган.
“Биз бу лойиҳага умид қилган эдик – “Shahed”ларга қарши кураш учун 20 мингта ракета. Бу қиммат эмасди, лекин бу махсус технология. Шу сабабли биз айнан шу 20 минг ракетага таянаётган эдик. Бугун эрталаб Мудофаа вазирим менга АҚШ уларни Яқин Шарққа юборганини айтди”, дейди Украина Президенти.
“The Wall Street Journal” нашрига кўра, жорий йилнинг 5 июнь куни АҚШ Украинага топширилиши керак бўлган махсус портловчи ракета мосламаларини Яқин Шарқдаги АҚШ Ҳаво кучларига берган. Бу қарор Мудофаа вазири Пит Ҳегсет томонидан ими-жимида қабул қилинган ва Конгрессга билдирилган. Сенатнинг қуролли кучлар бўйича қўмитасига юборилган хабарномада айтилишича, портловчи мосламалар бўйича эҳтиёж “Мудофаа вазири томонидан аниқланган долзарб муаммо” бўлган. Украинани қўллаб-қувватловчи Конгресс аъзолари хавотир билдирган, чунки Пентагон бу қарорнинг Украина мудофааси учун оқибатлари ҳақида тушунтириш бермаган ва АҚШ ҳаво кучларининг эҳтиёжи ҳақиқатан ҳам шунчалик долзарбми, деган саволлар очиқ қолган.
Бу портловчи мосламалар “ер-ҳаво” туркумидаги, лазерли нишонга йўналтириладиган Advanced Precision Kill Weapon ракеталари учун мўлжалланган. Улар асосан дронларни йўқ қилиш учун қўлланади. Ракетанинг энг муҳим қисмларидан бири – контактсиз портловчи мослама бўлиб, у ракета дронга яқинлашганида портловчи моддани фаоллаштиради.
“АҚШ Ҳаво кучлари бу ракеталарни F-15E қирувчи самолётидан учириш учун мослаштирган. Улар ҳусийлар ёки Эрон дронларини уриб тушириш учун ишлатилади. Бу зарба тизими “ҳаво-ҳаво” тоифасидаги Sidewinder ва AMRAAM ракеталарига қараганда арзонроқ. Пентагоннинг бу қарори АҚШ захираларидаги танқисликни кўрсатади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ўтган йил декабрь ойида АҚШ Украинага ярим миллиард долларлик ёрдам пакети ажратгани маълум бўлганди. Унда HIMARS реактив ўт очиш тизимлари учун ўқ-дорилар, дрон ҳужумларига қарши ўқ-дорилар, ракеталар, миналардан тозаловчи техникалар, шунингдек, биологик, кимёвий, радиологик ва ядровий ҳимоя воситалари бор эди. АҚШ Давлат департаменти бу ёрдам пакетини “Россиянинг давом этаётган ҳужумларидан ҳимояланиш учун ниҳоятда зарур” деб атаганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь